Никол Пашинян Самарқандда ўтказиладиган ШҲТ саммитида қатнашмаслиги маълум бўлди

Источник: https://armenpress.am/

Арманистон бош вазири Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этмайди. Бу ҳақда “Арменпресс” агентлигига Арманистон бош вазири девонининг ахборот ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берган.

Аввалроқ Россия ТИВ вакили,  ШҲТдаги Ўзбекистон раислигининг маълумотига кўра, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти(ШҲТ)нинг Самарқанддаги саммитига келиш ниятларини тасдиқлагани ҳақида хабар берган эди.

13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон ва Озарбайжон чегарасида жанглар бўлиб ўтган. Арманистон Мудофаа вазирлиги соат 00:05 да Озарбайжон армияси артиллериядан, жумладан, йирик калибрли қуроллардан, шунингдек, учувчисиз учоқлардан кучли ўққа тутганини маълум қилган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги, ўз навбатида, тўқнашувлар олдидан Арманистон томонидан “кенг кўламли провокация” содир бўлганини айтган. Ушбу идоранинг таъкидлашича, кечаси арман қўпорувчилик гуруҳлари Озарбайжон армияси позициялари ва таъминот йўллари ўртасидаги ҳудудни миналаштирган. Бундан ташқари, позициялар турли қуроллардан, жумладан, миномётлардан ўққа тутилган.

Бунга жавобан Озарбайжон қуролли кучлари “тўқнашувлар кўламининг кенгайишига йўл қўймаслик учун душманнинг ўқ отиш нуқталарини бостиришни бошлади”, — дейилади Озарбайжон Мудофаа вазирлигининг баёнотида.

Жангларда 49 нафар арман ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган. Арманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги уч нафар тинч аҳолининг жароҳатланганини маълум қилган. Озарбайжоннинг Trend ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Арманистон армиясининг йўқотишлари 150 дан 200 кишигача ҳалок бўлганлар ва юзлаб яраланганлардан иборат. Озарбайжон ҳам ўз томонидаги йўқотишларни тан олди, аммо улар нимадан иборат эканига аниқлик киритмаган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.