Николай Дорошенко: “Биз Ўзбекистоннинг Украинани тиклашда фаол қатнашишига умид қиламиз”
Ўзбекистондаги Украина элчиси Николай Дорошенко матбуот анжуманида Ўзбекистонга тинчлик ташаббуси доирасида озиқ-овқат ва экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларга қўшилиш таклифи ҳақида гапирди. Конференция давомида у яқинда Швейцарияда бўлиб ўтган тинчлик саммитини тилга олиб ўтди, унинг коммюникесини ҳозирги вақтда 94 та мамлакат имзолаган.
“Коммюнике очиқ қолмоқда ва биз Ўзбекистон томони унга қўшилади деб умид қиламиз”, – деди элчи.
Дорошенко Украина президенти жамоаси иккинчи саммитни тайёрлаш устида фаол иш олиб бораётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ўтказиш санаси ҳали муҳокама қилинмоқда ва бу АҚШда сайловлар ўтказилишидан олдин ёки кузда, иштирокчиларнинг тайёрлигига қараб бўлиши мумкин. Яқин кунларда БМТ Бош Ассамблеяси сессияси очилади, унда президент Владимир Зеленский урушни тугатиш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилиш учун иштирок этади.
Элчи, шунингдек, Украина президентининг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан тасдиқланган 10 та босқичдан иборат тинчлик формуласи мавжудлигини ва барча мамлакатларга уларнинг биттасига танлаб қўшилиш таклиф этилаётганини таъкидлади.
“Хусусан, биз Ўзбекистонга озиқ-овқат ва экологик хавфсизлик билан боғлиқ қадамларга қўшилишни таклиф қилдик. Келаси ойlf Канадада ушбу формула доирасида гуманитар сиёсат бўйича йиғилиш бўлиб ўтади”, – деб қўшимча қилди Дорошенко.
Унинг сўзларига кўра, Туркия озиқ-овқат сиёсати, гуманитар масалалар, шунингдек, асирлар ва болаларни қайтариш масалалари учун жавобгар. У оккупация қилинган ҳудудлардан кўплаб болалар рухсатсиз олиб чиқиб кетилганини таъкидлади. Дорошенко, шунингдек, ўтган йили Ўзбекистон 50 нафар украиналик бола учун соғломлаштириш дам олишини ташкил этганини, аммо бу ёзда маълум сабабларга кўра дастур амалга ошмаганини эслатиб ўтди.
Элчи Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва бизнес ҳамжамияти вакиллари билан Украинани тиклашда иштирок этиш масалалари бўйича фаол иш олиб борилаётганини таъкидлади.
“Биз Ўзбекистоннинг Украинани тиклашда фаол иштирок этишига умид қиламиз”.
Бундан ташқари, Николай Дорошенко 14 октябрда Тошкентдаги “Илҳом” театрида бўлиб ўтадиган замонавий Украина санъати кўргазмасининг очилишини эълон қилди. Кўргазма Львов маданият жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилади ва унда Донецк, Запорожье ва Харьков рассомларининг асарлари намойиш этилади. Бу аукцион эмас, аммо агар кимдир асарларни сотиб олишни истаса, тушган маблағлар оккупация қилинган ҳудудлардан эвакуация қилинган талабаларнинг таълимига йўналтирилади.
Шарҳлар