Нобел мукофоти эгалари аниқланди
2024 йилнинг Физика бўйича Нобел мукофоти нейрон тармоқларида машинавий ўқитишни таъминлайдиган кашфиётлар ва ихтиролари учун олимлар Жон Ҳопфилд ва Жеффри Хинтон томонидан қўлга киритилди. Бу ҳақида BBC хабар бермоқда.
Ўтган йили эса, физика бўйича Нобел мукофоти Пьер Агостини, Ферентс Крауз ва Анн Люега атом ичига “қараш” имконини берувчи ультрашорт лазер импульслари технологиясини экспериментал ишлаб чиққани учун топширилган эди.
1901 йилдан бошлаб физика бўйича Нобел мукофоти 117 марта топширилган ва бу вақт мобайнида мукофотни жами 225 киши олган.
Швед Нобел ҳафталиги анъанавий равишда октябрь ойининг бошида Стокголмда бўлиб ўтади. Физика бўйича мукофот иккинчи бўлиб тақдим этилади.
Биринчи кун тиббиёт ва физиология бўйича лауреатлар эълон қилинди. Кейин эса физика, кимё, адабиёт мукофотлари топширилади, ҳафтанинг якунида Нобел тинчлик мукофоти эълон қилинади. Ушбу мукофот нафақат жисмоний шахсга, балки ташкилотларга ҳам берилиши мумкин. Бу ягона мукофот бўлиб, уни Швед эмас, балки Норвегия фанлар академияси тақдим этади.
Бундан ташқари, 1969 йилдан бошлаб Швеция Марказий банки ташаббуси билан Нобелнинг васиятида кўрсатилмаган иқтисодиёт бўйича ҳам мукофот берила бошлади.
Физика – Алфред Нобел васиятида биринчи бўлиб тилга олинган илмий соҳа. Васиятда физикага тегишли мукофот Швед Қироллик Фанлар Академияси томонидан топширилиши кераклиги ҳам қайд этилган.
Академия 1739 йилда ташкил этилган. Бугунги кунга келиб, унда 450 га яқин швед ва 180 чет эллик олимлар фаолият юритмоқда.
Шарҳлар