Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳукумат қарорини бекор қилишни сўрамоқда

Источник: unsplash.com

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик фаолларидан иборат ташаббус гуруҳи Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро грант лойиҳаларини амалга оширишда маҳаллий ННТларнинг давлат бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорини бекор қилиш тўғрисида жамоавий мурожаат билан чиқди. Бу ҳақда «Газета.уз» нашри ёзади.

Мурожаатда қарорни бекор қилиш учун еттита далил келтирилиб, бу “миллий қонунчиликка, инсон ҳуқуқларининг уюшмалар эркинлигига доир халқаро стандартларга зидлиги ва Ўзбекистонда мустақил фуқаролик жамияти ривожланишига тўсқинлик қилиши” айтилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг таъкидлашича, “Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга қарамай, қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бир-бирига зид бўлиб, бу орқали кўпроқ бюрократик тўсиқлар келтириб чиқарилаётгани, бирлашиш ва фаолият эркинлигининг камайиши натижасида Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ҳолати ҳамон қониқарли эмас”.

Мурожаат

Биз, бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ва Ўзбекистон фуқаролик фаолларидан ташкил топган ташаббус гуруҳи миллий қонунчиликка, одамларнинг уюшмалар эркинлигига бўлган ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга зид экани ва Ўзбекистон Республикасида мустақил фуқаролик жамиятининг ривожланишига тўсқинлик қилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 июндаги 328-сонли «Маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларининг халқаро грант лойиҳаларини амалга оширишда давлат бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорини бекор қилишга чақирамиз.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасида Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида инсон манфаатлари йўлида жамият ҳаётининг барча жабҳаларини, яъни сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий тизимларни ривожлантириш, маънавий тикланиш ва демократик қадриятларни қарор топтириш бўйича тизимли ва жадал ислоҳотлар жараёни амалга оширилмоқда. Бу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари фуқаролик жамиятининг бир қисми сифатида муҳим ўрин тутади. Бироқ, изчил ислоҳотларга қарамасдан, қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар (МҲҲ) бир-бирига зид бўлиб, бу орқали кўпроқ бюрократик тўсиқлар келиб чиқмоқда, фуқароларнинг бирлашма ва фаолият эркинлигининг камайиши туфайли Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг аҳволи ҳамон қониқарли эмас.

Бу муаммолар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5430-сонли Фармонининг 7-бандида ҳам қайд этилган”. Бундан ташқари, ушбу ПФнинг 4-бандида ННТларни рўйхатга олиш билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг фаолиятини амалга оширишда хорижий грантлар ва бошқа моддий манфаатларни олишдаги қийинчиликлар ҳам қайд этилган. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил январь ойидаги Мурожаатномасида давлатимиз ўз олдига “Ислоҳотлар ташаббускори жамиятнинг ўзи” тамойили бўйича халқ билан бирга янги Ўзбекистонни барпо этишдек юксак мақсадни қўйганини таъкидлади:

Қайд этиш жоизки, мамлакатимиздаги барча нодавлат нотижорат ташкилотлари хорижий грантлар олиш ва ўз фаолиятини донорлар кўмагида амалга оширишнинг босқичма-босқич тартибини назарда тутувчи амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириш бўйича низомда кўрсатилган талабларга риоя қилди.  Бундан ташқари, деярли ҳар бир нодавлат нотижорат ташкилоти Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, ўзаро ҳамкорлик механизми доирасида ННТларнинг лойиҳалари ва фаолиятини амалга ошириш жараёнида давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа идоралар билан ижтимоий шерикликка эга.

Яратилган ҳуқуқий пойдевор (1992 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, 1995 йилда қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ратификация қилинганидан кейин) фуқаролик жамияти ривожланишининг асоси бўлган уюшмалар эркинлигини кафолатлайди. Бундан ташқари, фуқаролик жамияти институтлари ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг асосий тамойиллари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституцияси 58-моддасида  мустаҳкамланган бўлиб, улар давлат жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини, уларнинг жамият ҳаётида иштирок этиши учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиш ҳамда уларнинг фаолиятига аралашишни тақиқлашни кафолатлайди. “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун (3-қисм, 5-модда)да ҳам ННТлар фаолиятига тўсқинлик қилиш ва аралашиш тақиқланган.

Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 июндаги 328-сонли қарори мустақил фуқаролик жамиятини ривожлантириш, унинг ижтимоий фаоллигини ошириш, давлатимиз олдида турган салмоқли вазифаларни амалга ошириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, шунингдек, аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тарафдори бўлган давлатимиз раҳбарининг сиёсий йўналишига зиддир. Юқоридаги 328-сонли ВМҚ томонидан тасдиқланган “ННТларнинг грант лойиҳаларини амалга оширишда давлат бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби тўғрисида”ги низомнинг 2-бобида бундан буён “Маҳаллий ННТларнинг грант лойиҳасини давлат органлари иштирокидаги кўп босқичли схема бўйича амалга ошириш ташкил этилмоқда”, дейилади (2-иловада назарда тутилган).

Биринчидан, ушбу ҳужжат халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳам, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларига ҳам, шунингдек ННТ фаолиятини кафолатловчи қонунларга ҳам зиддир. Бундан ташқари, мазкур ҳужжатга кўра, давлат органларининг ННТларнинг ички ишларига бевосита аралашуви қонунийлаштирилган (тасдиқланган низомнинг 11-19-бандлари, аслида, ННТ лойиҳаларини амалга оширишга аралашиш бўйича босқичма-босқич кўрсатмалардир) . Масалан, низомнинг 12-бандида миллий ҳамкор нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик доирасида, зарурат бўлганида, аллақачон маъқулланган ва донорлар томонидан қўллаб-қувватланган грант лойиҳасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар киритади, дейилади. Давлат органи халқаро донор томонидан тасдиқланган грант лойиҳасига қандай ўзгартириш ва қўшимчалар киритиши мумкин?! Худди шу саволлар давлат органининг бошқа ваколатларига нисбатан ҳам туғилади, улар ННТларни амалда давлат органига қарам қилади, ННТларнинг ўз функция ва вазифаларини мустақил ва эркин амалга оширишига тўсқинлик қилади. Ижтимоий шериклик, агар у ННТ лойиҳасида назарда тутилган бўлса, зарур, аммо у мажбурий эмас. Бу тартиб эса бундай имкониятни истисно қилади.

Иккинчидан, ушбу қарор Ўзбекистон ННТ вакиллари билан учрашувлар давомида на муҳокама форматида, на regulation.gov.uz сайтида онлайн муҳокама форматида келишиб олинмаган. Камида 1300 дан ортиқ ННТни бирлаштирган, давлат идораларида ННТ манфаатларини ҳимоя қилишга мўлжалланган ЎзР Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси (ЎзРННТМА) уни муҳокама қилишда ННТларнинг иштирокини ташкил этмаган. Натижада ҳужжат парда ортида қабул қилинган ва оммавий муҳокама қилинмаган, бу эса президентнинг 2018 йил 4 майдаги 5430-сонли Фармонининг 6-бандига зиддир.

Учинчидан, барқарор фаолият кўрсатаётган кўплаб нодавлат нотижорат ташкилотлари узоқ вақтдан буён ташқи аралашувларсиз, ижтимоий шериклик доирасида давлат органлари билан мустақил иш олиб бормоқда. Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти билан Ички ишлар вазирлиги, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқалар билан ҳамкорлик тажрибасини мисол тариқасида келтиришимиз мумкин. Худди шундай, 20 йилдан буён «Интилиш» РАМ ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББ, “Истиқболли авлод” ва Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Омбудсман, ФТҚҚМ ва Гендер комиссияси, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари қўмитаси, Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси ва Ўзбекистон ИҲММ ҳамкорлик қилиб келади.

Киритилган тартибга кўра, ННТ лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этадиган давлат органлари орасидан ҳамкорларни «юқоридан» тайинлаш таклиф этилмоқда. Очиғи, бу ҳамкорлик масъулият юки остидаги давлат органига юклатилганда самарали ҳамкорлик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Мазкур низом “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунга зиддир, чунки у ННТ ва давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг бошқача тартибини белгилаб беради.

Тўртинчидан, халқаро донорларнинг миллий нодавлат нотижорат ташкилотларига салбий таъсиридан қўрқиш ҳеч бўлмаганда асоссиздир, чунки инвестиция фаолиятини амалга оширувчи аксарият халқаро ташкилотлар аввал Ўзбекистон Республикасининг тегишли органлари томонидан аккредитациядан ўтган ва уларнинг ишончлилиги бир неча бор текширилган. Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотлари Вазирлар Маҳкамасининг 09.10.2010 йилдаги 858-сонли қарорига мувофиқ хорижий донорлардан грантлар ва бошқа моддий ресурсларни олишни адлия органлари билан келишиб оладилар.

Бешинчидан, бугунги кунда республикада халқаро донорларнинг грантлари бўйича фаол ишлаётган ННТлар унчалик кўп эмас. 328-сонли Фармон доирасида, давлат органларининг мувофиқлаштириш жараёнининг ҳаддан ташқари бюрократлаштириши ва аралашуви туфайли бу бир нечта ННТлар ҳам ўз фаолиятини шунчаки тўхтатиб қўяди, халқаро донорлар эса Ўзбекистондаги ННТ лойиҳаларини молиялаштиришдан манфаатдор бўлмайдилар (Вазирлар Маҳкамасининг 09.10.2019 й. 858-сон қарорига қаранг). Бу, албатта, давлатнинг халқаро имижига ҳам, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, уларнинг хизматларидан, кўмаги ва ёрдамларидан фойдалана олмайдиган ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларнинг ҳуқуқларини таъминлаш манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотларни рағбатлантиришга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Халқаро амалиёт шуни кўрсатадики, фаол учинчи сектор бўлмаса, давлатнинг барча ижтимоий функциялар ва вазифаларни мустақил равишда амалга ошириши қийин бўлади, чунки ННТлар ҳал қилишга ёрдам бериши мумкин бўлган кўплаб ижтимоий муаммолар ҳал этилмай қолади.

Олтинчидан, бутун Евроосиё ҳудудида фуқаролик жамияти учун қулай ҳуқуқий ва молиявий шароитлар яратишга бағишланган дунё мамлакатларидаги ташкилотлар, фуқаролик жамияти учун қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий тизимларни ишлаб чиқишда техник кўмак, илмий-тадқиқот ва ахборот таъминотини кўрсатувчи халқаро ташкилот – Халқаро нотижорат ҳуқуқи маркази (ICNL)нинг ҳуқуқий таҳлилида ҳам юқоридаги муаммолар қайд этилган (жамоа мурожаатига илова қилинади).

Еттинчидан, бу қарорнинг салбий тажрибаси аллақачон мавжуд. Адлия идоралари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг мурожаатларини узоқ вақт давомида жавобсиз қолдириши, белгиланган муддатларга риоя қилмаслик, хайрия ташкилоти томонидан тасдиқланган лойиҳанинг календарь режасини амалга оширишда сусткашликка йўл қўяётгани борасида аниқ фактлар мавжуд. Низомда ННТнинг ҳисобрақамига келиб тушганидан кейин тасдиқлаш тартиби кўрсатилган бўлсада, донорлар томонидан грант маблағлари давлат органлари томонидан тасдиқланмагунча ташкилотнинг ҳисобрақамига ўтказилмаган ҳолатлар ҳам бўлган. Бу лойиҳаларни амалга оширишда тўсиқ бўлиб қолиши шубҳасиз, кўплаб донорлар ННТнинг ҳисобрақамига ўтказилган маблағларни қайтаришни талаб қилишлари ҳам мумкин (сўров бўйича фактлар тақдим этилиши мумкин). Бу муаммо БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясига нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан тайёрланадиган давлатда бирлашиш эркинлиги ҳуқуқи қандай ҳурмат қилинаётгани тўғрисидаги муқобил ҳисоботларда ўз аксини топиши ва танқидий мулоҳазаларга сабаб бўлиши мумкин.

Юқорида айтилганлардан келиб чиқиб, 2022 йил 13 январдаги 328-сонли қарорни миллий қонунчиликка, Президент фармони билан тасдиқланган 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига, хорижий манбалардан маблағ олиш билан боғлиқ бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларини бюджет маблағлари ҳисобидан субсидиялар ва ижтимоий буюртмалар шаклида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажмини ошириш масалалари, шунингдек, халқаро ҳуқуқ нормалари зид деб билиб, уни бекор қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз..

Сиздан асосий вазирликлар, идоралар, депутатлар, жумладан, ушбу мурожаат бўйича ташаббус гуруҳи ва ННТлар иштирокида вазиятни кенг муҳокама қилишни ташкил этишингизни сўраймиз. Биз учрашувлар чоғидаги конструктив муҳокамалар пайтида Янги Ўзбекистонни барпо этишда фуқаролик жамиятининг иштироки бўйича вазифаларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларига реал ёрдам ва кўмак кўрсатиш бўйича таклифлар беришга тайёрмиз.

Қўшимча

Халқаро нотижорат ҳуқуқ маркази (ХНҲМ)нинг халқаро грант лойиҳаларини амалга оширишда ННТ ва давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги тартиби тўғрисидаги низомнинг ҳуқуқий таҳлили.

Мурожаатни қўллаб-қувватламоқчи бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари ёки фуқаролик жамияти фаоллари имзо шаклини тўлдиришлари мумкин: https://forms.gle/Ja3PQJB45PypCyBL6

328-сонли қарор билан боғлиқ муаммоларга дуч келган ННТлар бу ҳақда қуйидаги шаклни тўлдириш орқали хабар беришлари мумкин: https://forms.gle/hRAHemTqDDZSVBe89

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.