Нодир китоблар йўқолишида айбланган аёлга олти ой шартли жазо муддати белгиланди

Источник: Zamon/Sevimli

Тошкент шаҳар суди коллегияси Ўзбекистон Миллий университети ахборот-ресурс маркази директори Ирина Кислицинани нодир китобларни йўқотганлиги учун беш йилга озодликдан маҳрум этган туман судининг қарорини бекор қилди. Апелляция суди ўзбекистонлик аёлга нисбатан олти ой муддатга озодликни чеклаш тарзидаги жазони тайинлади, деб ёзади «Газета.uz» нашри.

10 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек суди Кислицинани 2 йил муддатга раҳбар ва моддий жавобгарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, 5 йил-у 1 ойга озодликдан маҳрум қилганди. У 57 та тарихий ноёб қўлёзма асарлар, ХIII-XIX асрларга оид 12 та тошбосма ва 9 та тарихий ҳужжатлар йўқотилганда айбдор деб топишганди, бунинг натижасида етказилган зарар эса 2,6 млрд сўм миқдорида этиб белгиланганди.

Судланувчи тергов давомида унинг айби исботланмаганлигини ва барча айбловлар асоссиз эканлигини айтганди. Айбланувчининг қизи Светлана Нишанбаева президентга йўллаган мурожаатида терговчилар тақдим этилган ҳужжатлар, далиллар ва аргументларни эътиборсиз қолдирганликлари, тинтув пайтида фотосурат ёки видео суратга олинмагани, тинтув ордерининг нусхаси тақдим этилмаганини таъкидлаганди.

6 декабрь куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида унга оид суд ҳукми қайта кўриб чиқди ва шикоятда келтирилган важларни ўрганди. Унга кўра, судланувчи айбловидаги китобларни ўзлаштирганлиги тасдиқланмаган, балки у ўз мансаб вазифаларини лозим даражада бажармаган. Шу сабабли Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажрими билан Ирина Кислицинага оид ҳукм ўзгартирилди.

Унинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» бандидан 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисмига қайта квалификация қилинди.

Судланувчига Жиноят кодексининг 227-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми «а,б» бандлари билан, 45-моддага (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) асосан тайинланган жазолар аслича қолдирилди.

Жиноят кодексининг 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари), 62-моддалари (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида Ахборот ресурслар маркази раҳбари Ирина Кислицинага ўташ учун узил-кесил 6 ой 23 кун озодликни чеклаш ва 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, суд ҳукмининг судланувчидан университет фойдасига 2,64 млрд сўм миқдоридаги моддий зарарни ундириш белгиланган қисми чиқарилди. Унга танланган қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залида қамоқдан озод қилинди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.