Ногиронлиги бор кишиларга давлат хизматлари навбатсиз тақдим этилади

Источник: unsplash.com

Президент “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга мувофиқ, 2023 йилда:

  • муҳтож шахслар замонавий оёқ протез-ортопедия буюмлари билан;
  • “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ва I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар сон протези, болдир протези ва оёқ камари ортопед аппаратлари билан бепул таъминланади.

2023 йил 1 сентябрдан ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминлашда тиббий хулоса талаб қилинмайди.

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчилар давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланади, мансабдор шахслар қабулига навбатсиз киради.

2023 йил 1 майдан шифохоналарда даволанаётган ногиронлиги бўлган болага ғамхўрлик қилаётган шахсларга:

  • боланинг ёнида бўлиш учун шароит яратилади;
  • мазкур давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва бепул овқат берилади.

Педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари болани ногиронлиги бўлган шахс деб топганда уларга пенсия тайинлашда қайтадан тиббий-ижтимоий экспертизага юбориш бекор қилинади.

“Юридик ёрдам” ахборот тизимида ногиронлиги бўлган шахсларга бепул ҳуқуқий ёрдам бериш учун алоҳида мурожаат бўлими яратилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.