Ногиронлиги бор кишиларни ишга қабул қилган давлат ташкилотлари имтиёзларга эга бўлади

Шавкат Мирзиёев 3 декабрь куни нишонланадиган Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Ўзбекистон халқига мурожаат қилди.

Мурожаатда айтилишича,  ногиронлиги бўлган шахслар ўзларини жамиятнинг ажралмас қисми сифатида ҳис этиб яшашлари учун уларга қўшимча шарт-шароитларни яратишга қаратилган алоҳида дастур қабул қилинади. Ушбу дастурнинг мазмун-моҳияти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳамоҳанг бўлиб, унда ногиронликни белгилашда тиббий ёндашувдан ижтимоий ёндашувга ўтиш асосий вазифа сифатида белгиланади.

«Энди ногиронлиги бўлган шахслар – “муаммоси бор инсонлар” деган қарашдан воз кечиб, уларнинг имкониятини кенгайтириш учун, аввало, ижтимоий-иқтисодий тизимни такомиллаштириш йўлидан боришимиз зарур», – дейилади мурожаатда.

Келгуси ўқув йилидан бошлаб алоҳида таълим олишга эҳтиёжи бор болаларнинг 24 фоизи, 2025 йилда эса 40 фоизи оддий мактабларда ўқиши учун барча шароитлар яратилади. Шунингдек, инклюзив таълимнинг ресурс марказлари сони  14 баробарга кўпайиб, 200 тадан ошади.

Иккинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш ва улар учун муносиб иш ўринларини яратиш орқали уларнинг даромадини кўпайтиришга қаратилган чора-тадбирлар янада кучайтирилади. Бу борада уларни замонавий касб-ҳунарга ўқитиш бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқилади.

Барча даражадаги давлат идораларига имконияти чекланган фуқароларни улар учун мос келадиган ишга қабул қилишда устунлик ва имтиёз берилади.

Бундан ташқари, тадбиркорларнинг ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиш борасидаги ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, уларни рағбатлантириш чоралари кўрилади. Жумладан, бундай тадбиркорлар ва ишга қабул қилинган фуқароларга қўшимча солиқ имтиёзлари берилади ва давлат томонидан субсидиялар ажратилади.

Учинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг саломатлигини асраш, уларга тиббий хизматлар кўрсатиш ишлари тизимли равишда давом эттирилади. Ногиронлиги бўлган болаларни соғломлаштириш учун Республика болалар тиббий реабилитация маркази ва унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилади.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларида ногиронлиги бўлган шахсларга уй-жой шароитларини яхшилаш учун субсидия ва имтиёзли кредитлар берилади.

«Энг муҳими, барча даражадаги раҳбарлар ва давлат идоралари масъуллари томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича доимий мулоқот тизими йўлга қўйилади», – дейилади мурожаатда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.