Ногиронлиги бор шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказига экзоскелетлар харид қилинади
Ўзбекистон президенти 2021 йилда ва кейинги йилларда қуйидагиларни амалга оширишни кўзда тутувчи қарорни имзолади:
– болалар церебрал фалажи, умуртқа поғонасининг патологик синиши билан касалланган болалар ва катталарда мустақил юриш функцияларини қайта тиклаш учун Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ва унинг ҳудудий марказларини 2021-2023 йилларда 54 та, шундан 2021 йилда 14 та замонавий экзоскелет ускунаси билан таъминлаш;
– 2021 йил якунига қадар 2 минг дона замонавий эшитиш мосламаларини харид қилиш ва уларни ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим олаётган эшитиш қобилияти заиф болаларга етказиш;
– 2021 йилда харид қилиниши режалаштирилган 260 та кохлеар имплантатларига қўшимча равишда 355 та кохлеар имплантатларини харид қилиб, уларни 5 ёшгача болаларга жарроҳлик амалиёти орқали ўрнатиш;
– 2021 йилда қўшимча 2 минг нафаргача, 2022 йилдан бошлаб эса ҳар йили 3 минг нафаргача болага туғма юрак нуқсони ҳамда бош миядаги патологик ўзгаришлар (жумладан, гидроцефалия) бўйича жарроҳлик амалиётларини ўтказиш;
– ҳар йили камида 110 нафар бемор бола учун транспедикуляр тизим (фиксаторлар) тўпламларини харид қилган ҳолда, уларда сколиоз ва умуртқа поғонасининг бошқа патологияси бўйича жарроҳлик амалиётларини амалга ошириш;
– 2021-2025 йилларда 11,6 минг дона, шу жумладан, 2021 йилда 1 100 дона электр юритмали кресло-аравачаларини ногиронлиги бўлган шахслар учун харид қилиш;
– кўзи ожиз болалар ва катталарни 9 минг дона овозли термометр, 10 минг дона овозли тонометр, 20 минг дона йиғма Брайл алифбоси билан таъминлаш;
– ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар оғир ва фавқулодда вазиятларга тушганда уларга тезкор ёрдам кўрсатиш ҳақида хабар беришнинг инновацион лойиҳасини амалиётга жорий этиш. Бунда, 2021 йилда 5 мингтагача ва 2022-2023 йилларда 12 мингта махсус функцияга эга соатнинг (“Ақлли соат”) Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тегишли тоифадаги шахсларга етказиб берилишини йўлга қўйиш.
2022 йил 1 майга қадар“Ижтимоий хизмат” электрон платформаси ишлаб чиқилади ва ишга туширилади. Платформа тиббий-ижтимоий хизматлар соҳасида хизматларни ахборот-коммуникацион технологиялари асосида кўрсатиш бўйича махсус электрон дастурий таъминот ҳисобланади ва протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилиш техник воситаларига муҳтож бўлган шахсларнинг шаффоф электрон навбат тизимини таъминлайди.
Шунингдек «Ижтимоий хизмат» протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларининг яроқлилик муддатини назорат қилиш, уларга кутилаётган эҳтиёжни аниқлаш, мазкур мосламалар ва воситалар билан ўз вақтида таъминлашни амалга ошириш учун барвақт зарур захира яратиш имкони беради.
Шарҳлар