Ногиронликнинг ижтимоий моделига ўтиш, кўчма комиссиялар ва тўсиқсиз муҳит – президент қарори

Фото: Ассоциация инвалидов Узбекистана

Ўзбекистон президенти имзолаган қарорга кўра, 2021 йил 1 декабрдан бошлаб шахс соғлиғининг ҳолатига кўра Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бориш имконига эга бўлмаган ҳолатда ногиронликни белгилаш бириктирилган ҳудудларга чиқиб кўчма мажлисларда, шахснинг уйида ёки даволанишда бўлган стационарда ҳамда сиртдан кўрикдан ўтказиш орқали ташкил этилади

Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб, тасдиқланган касалликлар рўйхати асосида фуқаронинг иштирокисиз улар ногиронлиги бўлган шахс деб топилганда ногиронлик муддатсиз даврга белгиланади.

Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан ногиронлик тўғрисидаги маълумотномаларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлаши мумкин бўлган касблар бўйича тавсиялар берилади.

2022 йил 1 августдан бошлаб дастлаб Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг янги “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизими  жорий этилади. Бунда, фуқароларга ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланадиган (тиббий йўлланма, касаллик тарихи ва амбулатор картадан кўчирмалар ва бошқа) маълумотлар ахборот тизимига электрон тарзда киритилиши таъминланади. 2023 йил 1 январдан бошлаб ахборот тизими республиканинг бошқа барча ҳудудларида тўлиқ жорий этилади.

Бунда ногиронликни белгилашда даволаш-профилактика муассасаларининг йўлланмалари, касаллик тарихидан кўчирмалар, амбулатор карта, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳамда меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолдаги бахтсиз ҳодиса ёки соғлиқнинг бошқача тарзда шикастланганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар тўлиқ ахборот тизими орқали қабул қилинади.

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳамда меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолдаги бахтсиз ҳодиса ёки соғлиқнинг бошқача тарзда шикастланганлиги тўғрисидаги маълумотлар “Ягона меҳнат миллий тизими” идоралараро дастурий-аппарати ҳамда ахборот тизими орасида маълумот алмашинуви асосида олинади.

Ахборот тизимидаги фуқарога тегишли маълумотлардан келиб чиқиб, организмнинг функцияси бузилиши ва ҳаёт фаолияти чегараланишини ҳисобга олган ҳолда ногиронликни фуқароларнинг иштирокисиз белгилаш тартиби жорий этилади. Ногиронлиги бўлган шахсга тааллуқли бўлган маълумотлар, даволовчи ҳамда тиббий хулоса берган шифокорлар тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизимида қайд этиб борилади.

Ногиронлик белгиланган шахсларга пенсия ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун электрон маълумотлар “Пенсия” ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимларига автоматик тарзда юборилади.

Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари  ташкил этилади ва шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг шифокорлари зиммасига 18 ёшгача бўлган болаларга ногиронликни белгилаш бўйича юклатилган қўшимча функциялар бекор қилинади.

18 ёшгача бўлган болаларни ногиронлиги бўлган бола деб топиш педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади. 18 ёшдан катта фуқароларни ногиронлиги бўлган шахс деб топиш тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади.

Қуйидагилар педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

– 18 ёшгача бўлган болаларни тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари билан биргаликда ногиронликни белгилаш соҳасида давлат дастурларини ишлаб чиқишда қатнашиш;

– 18 ёшгача бўлган болаларни ногиронликка олиб келувчи омилларни ўрганиш ҳамда соғлиғи ёмонлашувининг олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;

– ногиронлиги бўлган болаларни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

– соҳанинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кадрларни ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор усулларини тизимли асосда жорий этишда қатнашиш.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда:

– 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб тиббий-ижтимоий экспертиза, реабилитология, тиббий, ижтимоий ва касбий реабилитация мутахассисларини тайёрлашдаги магистратура, клиник ординатура, қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув дастурларини халқаро таълим стандартлари асосида такомиллаштириш чораларини кўриш;

– ҳар беш йилда камида бир марта тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати тизимининг тиббиёт ходимлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари ва республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида мутахассислиги ва тиббий-ижтимоий экспертиза бўйича малака ошириши ҳамда бирламчи ихтисослаштириш курсларидан бепул ўтишини таъминлаш топширилди.

Мазкур қарор қабул қилингунга қадар берилган ногиронлик тўғрисидаги эски намунадаги маълумотномалар ҳамда расмийлаштирилган эски намунадаги ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурлари навбатдаги қайта кўрик ўтказилгунга қадар ёки реабилитация тадбирларини амалга ошириш (агар ногиронлик муддатсиз белгиланган бўлса) тугагунгача ҳақиқий ҳисобланади.

Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 июнга қадар БМТнинг Тараққиёт дастури, Жаҳон банки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФнинг техник кўмагини жалб қилган ҳолда ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Бунда, халқаро тажрибани ўрганган ҳолда Соғлиғи ва ҳаёт фаолиятининг (функцияларининг) чекланиши халқаро классификацияси асосида фуқароларга ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига ўтиш Концепциясини ишлаб чиқиш назарда тутилади.

Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда ногиронлик белгиланган шахсларнинг ногиронлик муддати тугаётганлиги ҳамда қайта кўрикка келиши тўғрисида қисқа хабарни беғараз тарзда уларнинг мобиль алоқа воситаларига бир ой олдин юбориш механизмини ташкил этиш топширилди.

Шунингдек Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигига Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов) билан биргаликда бир ой муддатда ҳудудий тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг бинолари ва хоналари ҳамда жиҳозлар учун минимал талабларни ишлаб чиқиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига етказилишини таъминлаш топширилди.

Ногиронликни белгилаш билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатлар даволаш-профилактика муассасаларининг IT оператор-ҳамширалари томонидан шахсий идентификацион логин ва пароллар асосида ахборот тизимига киритиб борилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.