Нохолис ёритилган икки мақолага жавоб

Сўзимиз аввалида, журналистиканинг олтин қоидаси — холислик ва ҳалоллик принципи тилга олингани бежизга эмас. Танқидий мақола биргина шикоятчининг важларидан келиб чиқиб тайёрланаверса, унда ташкилотнинг Ахборот хизмати нима учун?

Ҳар икки мақола нопрофессионал ёритилгани боис қатор хатоликларга йўл қўйилган ва ўқувчига томонлар ўртасидаги низонинг асл моҳияти ҳақида етарлича маълумот берилмаган.

Жорий йилнинг 11 ҳамда 20 январь кунлари Anhor.uz сайтида “Почему пострадавшие предприниматели из Сардобы не могут получить страховые выплаты”, шунингдек ““O‘ZAGROSUG‘URTA”нинг жавобгарлиги ва адолати” сарлавҳали материаллар эълон қилинди.

Дастлабки мақолада суғурта ҳодисасини қоплаш бўйича “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти ва “Navro‘z Qut Baraka” МЧЖ  ўртасида суд жараёнлари узоқ давом этаётганлиги, суғурта товони ҳамон ундирилмаётганлиги ҳақида сўз боради. Биринчи материалнинг якунида ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Судидан изоҳ сўралган.

Шунингдек, 2021 йил 20 январда ишнинг моҳиятини яхшироқ тушуниш ва ҳужжатларни ўрганиш учун суд мажлиси яна бир ҳафтага кечиктирилгани ҳақида anhor.uz сайтида навбатдаги материал эълон қилинди.

Мақола “2020 йилда Сардобада юз берган техноген офат инсонларнинг тақдирида, суд даъволарида, журналистларнинг текширувларида ҳали узоқ вақт бонг бериб туради”, деган жумлалар билан бошланади. Шу ўринда савол туғилади,  “ТЕКШИРУВ” деганда нима назарда тутилган?

Сарлавҳа танлашда компаниянинг расмий веб-сайтига мурожаат қилингани, масаланинг моҳиятини ўрганишга келганда эса  иккинчи томонга ҳам қулоқ тутиш, ҳеч бўлмаганда “Ўзагросуғурта” АЖ нинг Ахборот хизмати билан боғланишга жазм қилинмагани, муаллиф “фактчекинг”(далилларни текшириш), “журналистик суриштирув”, “фактларни ўрганиш, уларни таққослаш” сингари ибораларнинг асл маъносидан тўлиқ хабардорлигига кишида шубҳа уйғонади.

Масалага нуқул бир тарафлама ёндашилиб, жамоатчиликка “Ўзагросуғурта” АЖ суғурта тўловини тўлашдан қочиб, турли баҳоналар билан суд қарори ижросини таъминлаш вақтини атай чўзмоқда. Асосий таъсисчиси Молия вазирлиги бўлгани туфайли судлар уларнинг фойдасига қарор чиқаради, деган мазмундаги нотўғри хулосалар келтирилган. Суд мажлисидаги номаълум иштирокчидан(исм, шарифи келтирилмаган) олинган иқтибос бунга мисолдир.

Ушбу интернет нашрининг мақолада билдираётган мулоҳазалари мамлакатда судларнинг мустақил қарор қабул қилишига аралашиш (таъсир этиш) ва етакчи суғурта компаниясининг обрўсизлантиришга уриниш эмасми?

Суғуртанинг моҳиятини тўлиқ англаб етиш учун яна бир маълумот: суғурта соҳасидаги низолар суд тартибида ҳал этилиши, қарор ижроси суд томонидан қонуний тарзда тўхтатилиши суғурта фаолияти амалиётида мутлақо нормал ҳолат. Муаллиф томонидан бу ҳолатлар, гўёки суғурта ташкилоти ўз мажбурияти ва суд қарорига беписанд ракурсда тасвирланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий судлов ҳайъати томонидан 2022 йил 21 январда қуйи инстанция судлари қарорлари, шу жумладан 2021 йил 10 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий судлов ҳайъатининг қарори ҳам бекор қилинган. Яъни мақолада кўрсатилган ҳолатлар нотўғри талқин қилинганлиги суднинг якуний қарорида ҳам ўз тасдиғини топган.

Шу ўринда, anhor.uz таҳририятидан танқидий материалларни ҳолислик ва ҳалоллик принципига риоя қилиб, ҳар икки томоннинг далил ва важлари асосида жамоатчиликка етказишларини сўраб қоламиз.

Маълумот учун: “Ўзагросуғурта” АЖ фаолиятига оид материаллар юзасидан Ахборот хизмати журналист, блогер ва бошқа мурожаатчилар учун доимо очиқ. Шунингдек, компаниянинг расмий веб-сайти, ишонч телефонлари ва ижтимоий тармоқдаги барча саҳифаларида алоқа учун маълумотлар жойлаштирилган.

“Ўзагросуғурта” АЖ Ахборот хизмати

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.