Нонушта 11:00 да, тушлик эса “аср”да бўлса, шундай бўлади
Рационал (тўғри) овқатланиш – бу тўлиқ балансланган ва оптимал овқат қабул қилиш режимига хос бўлган овқатланиш принципларига риоя қилишдир. Тўғри овқатланиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси қатор тавсияларни бермоқда.
Нонушта қилмаслик, тез-тез тамадди қилиш, ширинликларни кўп истеъмол қилиш, тузли овқатлар ейиш – буларнинг барчаси овқатланишдаги энг зарарли одатлардир. Доимий равишда соғлом овқатланиш қоидаларининг бузилиши ўсмирлар орасида ортиқча вазн ва сурункали касалликларнинг кўпайишига олиб келади. Ҳозирда ўсмирлар орасида семизлик ва у билан боғлиқ бўлган қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари каби хасталиклар сонини ортиши жиддий хавотирни чақирмоқда.
Нотўғри овқатланиш ўсиб бораётган организмни зарур озиқ моддалар билан тўйина олмаслигига олиб келади. Мисол учун, темир моддаси кам бўлган рацион темир танқислиги анемиясининг тез-тез учрашига олиб келади.
Керакли озуқа моддаларининг етишмаслиги соғлиқ билан боғлиқ қуйидаги муаммоларга олиб келиши мумкин:
доимий бош айланиши;
чарчоқнинг кучайиши;
иммунитет тизимининг заифлашиши;
тишларнинг бузилиши;
бўғинлардаги муаммолар;
суякларнинг мўртлашиши, уларнинг синиши хавфи ортиши;
бўй ўсмаслик;
қизларда – ҳайзнинг бузилиши.
Аслида овқатланиш одатларни ўзгартириш унчалик қийин эмас. Бу туфайли юзага келадиган кичик вақтинчалик ноқулайлик тўғри овқатланиш организм учун олиб келадиган фойдадан устун бўла олмайди.
Шарҳлар