Нукусдаги қурбонлар сони 21 кишига етди

Источник: ulysmedia.kz

1-2 июль кунлари Нукусда содир бўлган воқеалар қурбонларининг сони 21 кишига етди. Бу ҳақда душанба куни АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистон Бош прокуратурасининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

«3 нафар фуқаро аҳволи ўта оғир бўлгани боис, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, вафот этди», — дея қайд этади у. 4 июль куни 18 нафар ҳалок бўлган фуқаро, шу жумладан 4 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари ҳақида маълум қилинганди.

274 нафар фуқарога тегишли тиббий ёрдам кўрсатилди, шундан 16 нафари тиббий муассасаларда қолмоқда.

Жумладан, ўз хизмат бурчини бажараётган вақтида тан жароҳати олган 141 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда соғлиғи ва мулкига зарар етказилган 16 нафар фуқаро жабрланувчи деб эътироф этилди.

Ҳодиса юз берган ҳудудлар ва жойлар эксперт ва мутахассислар иштирокида тўлиқ кўздан кечирилиб, ишга алоқадор бўлиши мумкин бўлган 550 дан ортиқ ашё ва нарсалар расмийлаштириб олинди.

Фуқаролар ва тадбиркорларнинг мол-мулклари, давлат ва ижтимоий инфратузилма объектларига 3 млрд. 147 млн. сўм зарар етказилган.

Жиноят содир этган шахсларни фош этишга қаратилган тадбирлар доирасида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, белгиланган тартибда ушланган фуқароларнинг ҳимоя ҳуқуқи адвокат орқали амалга ошириши тўлиқ таъминланган, уларнинг ушланганлиги ва қамоққа олинганлиги ҳамда сақланаётган жойи ҳақида яқин қариндошларига белгиланган тартибда хабар берилган.

«Қамоққа олиш жойларида қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча шароитлар тўлиқ таъминланган. Ҳибсга олинганларнинг соғлиғи ва қамоқда сақлаш шароитларидан шикоятлари йўқ», — дея қайд этади у.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.