Nurafshon TV вилоят телерадиоканали ташкил қилинмоқда

Ўзбекистон президенти имзолаган қарорга кўра Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимида Nurafshon TV Тошкент вилоят телерадиоканали ташкил қилинмоқда.

Унинг асосий вазифаси этиб қўйидагилар белгиланди:

– Тошкент вилоятининг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий-маърифий ҳаётида рўй бераётган ислоҳотлар, фаровонлик, тараққиёт ва бунёдкорлик йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳамда яратилган имкониятлар ҳақида аҳолини мунтазам хабардор қилиб бориш;

– жойларда ислоҳотларни амалга оширишга тўсиқ бўлаётган омилларни кенг жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқиш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар фаолияти юзасидан самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

– аҳолининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларда қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш, сифатли давлат хизматларини кўрсатиш ва улардан самарали фойдаланиш масалаларини теле- ва радиодастур орқали ёритиш ва бошқалар.

Тошкент вилояти телерадиоканали ўз теле- ва радиодастурлари билан кечаю кундуз узлуксиз равишда эфирга чиқади. Тошкент вилояти телерадиоканали ходимларининг чекланган штатлари сони 69 нафар, шу жумладан, бошқарув ходимлари сони 4 нафардан иборат бўлади. Тошкент вилояти телерадиоканалининг ташкилий тузилмаси Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги тегишли ташкилотларнинг тузилмасини мақбуллаштириш ва мавжуд штатларни қисқартириш ҳисобига ташкил этилади.

Тошкент вилояти маъмурий маркази – Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти телерадиоканали учун комплекс бино қуришга 1,3 гектар ер майдони ажратилди ҳамда қурилиш бўйича лойиҳа-қидирув ишлари амалга оширилиб, лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Тошкент вилояти телерадиоканалини технологик жиҳозлаш учун белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатларга мувофиқ олиб кириладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган импорт товарлар – мультимедиа, радиотелевизион ускуналари, материаллар, дастурий таъминот ва эҳтиёт қисмлар 2024 йил 1 январга қадар божхона божидан озод қилинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.