Нурободлик мактаб ўқувчисига янги ноутбук берилди

Источник: IT Park

Аввалроқ биз Самарқанд вилоятида “Бир миллион дастурчи” танловининг ғолиби совғага янги ноутбук олиш ўрнига эскисини олгани ҳақида ёзгандик. Нуробод туман ҳокимлиги вазиятни ўрганиш учун ишчи гуруҳ ташкил қилди.

15 ёшли Сардор Саттаров, 16 ёшли Жавоҳир Сирожиддинов ва 17 ёшли Оғабек Собиржоновлар туман босқичининг ғолибларига айланди.

«Афсуски, ёшлар қўлга совғаларини дарҳол олишмади. Мукофот билан  боғлиқ кўнгилсизликларга қарамай вазият ижобий ҳал этилди», – дея қайд этади IT Park матбуот хизмати.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада акс этган 15 ёшли Сардор Сатторов танловнинг туман босқичида ғолиб бўлиб, вилоят босқичига йўл олган, аммо совринли ўринни қўлга кирита олмаган.

«Ташкилотчилар томонидан йўл қўйилган хатолик туфайли унга ноутбук ўрнига смартфон совға қилинган». 

Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида вилоят ҳокимлигида матбуот анжумани ташкил этилиб, унда ҳокимлик вакиллари барча айбдорлар жазоланишини маълум қилди.

IT Park делегацияси ҳам ўз навбатида ушбу ёш, умидли бўлажак мутахассислар билан суҳбатлашиб, келгусида фаолиятларини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга Python ва IT English бўйича бепул курсларни тақдим этди. Бундан ташқари, ёш истеъдод эгалари Coursera платформасида мавжуд махсус курсга бепул кириш имконияти берилиб, уларга бренд совғалари улашилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.