ОАВ: Нурафшон шаҳрининг ҳокими лавозимидан озод этилди

Фото: Международный пресс-клуб

Тошкент вилоятининг маъмурий маркази бўлмиш Нурафшон шаҳри ҳокими Музаффар Солиев шаҳар кенгашининг қарори билан ўтган ҳафта лавозимидан озод этилган. Айни вақтда унинг ўрнига ҳоким вазифасини бажарувчи қўйилган. Бу ҳақда Kun.uz  Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг раҳбари Беҳзод Қобуловга таянган ҳолда ёзади.

 «Kun.uz манбасига кўра, собиқ ҳоким айни дамда терговга жалб этилган бўлиши мумкин. Бунга сабаб унинг уй-жой коммунал хўжалик вазири лавозимида ишлаб келган даври билан боғлиқ экани айтилмоқда. Бош прокуратура бу ҳақда маълумотга эга эмаслигини билдирди», – деб ёзади нашр.

Музаффар Солиев 2017 йил 5 июлдан 2021 йил январигача уй-жой коммунал хизматлар вазири лавозимида ишлаган. У Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган танқидий йиғилишдан кейин ишдан олинган эди. 2021 йил 15 январда эса Нурафшон шаҳри ҳокими лавозимига тайинлаган.

Солиев, шунингдек, фаолияти давомида мудофаа вазирининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.