OCCRP: Германия полицияси Алишер Усмоновни солиқларни тўлашдан бўйин товлашда гумон қилмоқда
Германия полицияси асли ўзбек бўлган россиялик олигарх Алишер Усмоновни миллионлаб евро солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда ва пул “ювиш”да гумон қилмоқда, деб ёзади “Медиазона” Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш марказига (OCCRP) таянган ҳолда.
Федерал жиноий полиция бошқармаси, Бавария давлат полицияси ва солиқ терговчиларининг махсус бўлинмаси ходимлари Бавария жанубидаги Тегернзе кўли соҳилида жойлашган Усмоновга тегишли экани тахмин қилинаётган майдони 500 метр квадрат бўлган қароргоҳда рейд ўтказди. Шунингдек ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари олигарх ва унинг сингилларидан бирига тегишли эканлиги тахмин қилинаётган қўшни иккита уйни ҳам текширган.
Бунга Усмоновга нисбатан молиявий фирибгарлик бўйича бир неча ой давом этган тергов натижалари сабабчи бўлган.
“Германия расмийлари уни миллионлаб евро солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда гумон қилмоқда, чунки олигарх даромадлари ва совғалар бўйича зарур солиқ декларациясини тақдим этмаган, шунингдек, ҳашаматли кўчмас мулк, “Дилбар” мега яхтаси, Airbus А340 самолёти ва қимматбаҳо машиналар тўпламини сотиб олиш орқали пул “ювиш”да гумон қилинмоқда”, – деб ёзади нашр.
Журналистларнинг ёзишича, агар Усмоновнинг айби исботланса, унга қўйилган айбловлар жиддий қамоқ жазосини англатиши мумкин. Бироқ, аниқлик киритилишича, 28 февраль куни олигарх “Россиянинг Украинага ноқонуний бостириб киришини” қўллаб-қувватлагани учун Европа Иттифоқи унга нисбатан санкциялар жорий этганидан кейин Мюнхендан Тошкентга учиб келган.
Германиянинг Munchen Merkur нашрига берган интервьюсида Усмонов биринчи марта 2008 йилда Тегернзе кўлига кўзини операция қилиш учун келганини айтган. Немис расмийларининг таъкидлашича, у ушбу ҳудуддаги виллани 2011 йилда Мэн ва Бермуд оролларидаги офшор тузилмалар орқали сотиб олган. Кейинги йилларда худди шу тарзда яқин-атрофдан яна иккита уй сотиб олинган, улардан бири ходимлар, тансоқчилар ва ҳайдовчилар учун қароргоҳ вазифасини ўташи хабар қилинади.
Алишер Усмонов Россиянинг табиий ресурслари ва инвестициялар билан боғлиқ бизнес орқали миллиардлаб доллар ишлаб топган дунёдаги энг бой одамлардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, Усмонов бир неча бор коррупция ва молиявий фирибгарликларда айбланган.
Шарҳлар