Очиқлик индексида пойтахт ҳокимияти охирги ўринларнинг бирини банд этди
Очиқликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш комиссияси 2022 йил якунлари бўйича очиқлик индекси натижаларини эълон қилди.
29 март куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигида бўлиб ўтган йиғилишда, давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси асосида тўпланган барча кўрсаткичлар муҳокама қилиниб, якуний натижалар эълон қилинди.
Очиқлик индекси 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида баҳоланди. Самарадорлик кўрсаткичлари 71 баллдан 100 баллгача тўплаганлар – “яшил”, 55 баллдан 71 баллгача бўлганлар – “сариқ” ва 55 баллдан паст кўрсаткич қайд этганлар – “қизил” тоифаларга киритилди. Баҳолашда умумий 86 вазирлик, идора ва муассасалар қамраб олинган. Улардан 21 таси вазирлик, 14 таси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, 32 таси давлат иштирокидаги ташкилотлар ҳамда 19 таси қўмита ва агентликлардир.
Шунингдек, агентликнинг матбуот хизмати хабарига кўра, ўтган йил якунлари бўйича Очиқлик индексининг якуний натижалари кенг жамоатчилик учун index.anticorruption.uz плафтформасига очиқ жойлаштирилган.
Мажлисда кун тартибига киритилган масалалар кўриб чиқилиб, баҳолашда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва олдини олиш борасида комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ҳақида қарор қабул қилинди ва ОАВ вакилларининг савол ва таклифлари тингланди.
Ўзбекистонда энг фаолияти ёритилмайдиган шахс, бу Бош вазир, деб ҳисоблайди Qalampir.uz сайти журналисти. У Бош вазир, Прокуратура, Марказий сайлов комиссияси, Олий Мажлис Сенати, қонунчулик палатаси, Конституцион суд ва шунга ўхшаш муҳим тузилмаларнинг ҳам очиқлиги ОАВлар учун муҳимлигини ҳисобга олиш керак эканлигини таклиф сифатида айтиб ўтди.
Маҳаллий ҳокимиятлардаги матбуот хизматларининг фаолиятини баҳолаш бўйича ҳам саволлар берилди. Яъни, матбуот хизматларининг ОАВ томонидан юборилган ахборот сўровларига расмий муносабатларининг сустлиги ҳақида сўз борди.
Расмийларнинг айтишича, рейтинг бўйича Тошкент шаҳар ҳокимияти охирги ўринларнинг бирини банд қилган. Шу билан бирга, шаҳар ҳокимлиги нафақат матбуот хизмати йўналишида, балки бошқа йўналишларда ҳам кўрсаткичлари энг паст эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Айсулу Турдигалиева
Шарҳлар