Одам савдосидан жабрланган 35 нафар шахс USAID ёрдамида Ўзбекистонга қайтарилди

Источник: пресс-служба посольства США в Узбекистане

2021 йил октябридан ҳозирги кунга қадар одам савдосидан жабрланган 35 нафар Ўзбекистон фуқароси ўз ватанига қайтарилиб, уларнинг барчасига “Istiqlol Avlodi” нотижорат ташкилоти томонидан AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида тиббий-ижтимоий реабилитация хизматлари кўрсатилди.  Бу ҳақда Anhor.uz нашрига АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати маълум қилади.

Ўзбекистон фуқаролари мажбурий меҳнат ва жинсий эксплуатация мақсадида  хорижий давлатларга, шу жумладан Россия Федерацияси ва Қозоғистонга олиб чиқиб кетилган.

«Одам савдоси – инсонни олди-сотдининг объекти сифатида фойдаланиш ва эксплуатация қилиш кўринишидаги глобал жиноят. Жинси, ёши ва келиб чиқишидан қатъий назар ҳар қандай шахс ушбу ҳудуд ва чегара билмас жиноят қурбонига айланиши мумкин, – дейди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори вазифасини бажарувчиси Луанн Гронховд. – Одам савдосига қарши дунё миқёсида кураш олиб бориш USAID ҳамда Америка Қўшма Штатлари ҳукуматининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. 2005 йилдан буён AҚШ ҳукумати USAID агентлиги орқали Ўзбекистонда одам савдоси тўғрисидаги хабардорлик даражасини ошириш ва ундан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун 9.6 миллион доллардан зиёд миқдорда маблағ ажратди».

Ўзбекистон ва хорижий давлатларда одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш мақсадида, USAID Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ҳамда маҳаллий шериклар, жумладан Комиссия аъзоси бўлган “Istiqlol Avlodi” нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Яқинда эса USAID кўмагида Жиззах шаҳрида мигрантлар учун мўлжалланган ахборот-ресурс маркази ишга туширилди. Марказда одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлашга ёрдам бериш билан бир қаторда, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларига маслаҳат хизматлари кўрсатилади ва фойдали маълумотлар тақдим этилади.

Одам савдосидан жабрланган шахслар аниқлангандан сўнг USAID уларни ватанига хавфсиз тарзда қайтариш ва жамиятга қайта интеграциялашишда кўмаклашади. Мамлакатга қайтган мигрантларга, шу жумладан, одам савдосидан жабрланган шахсларга психологик хизматлар, ҳуқуқий маслаҳатлар, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва касбий таълим олиш имкониятлари тақдим этилади. Реабилитация хизматларидан ташқари, USAID одам савдоси жабрланувчисига айланиб қолиш хавфи остида бўлган гуруҳларга кирувчи шахсларга ҳам ёрдам кўрсатади.

“USAIDнинг «Марказий Осиёда хавфсиз миграция» лойиҳаси доирасида биз меҳнат мигрантлари ва хавф остидаги гуруҳларга кирувчи шахслар орасида қонуний ишга жойлашиш йўллари, шунингдек, хорижий давлатларда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги хабардорлик даражасини ошириш билан боғлиқ ишларни амалга ошириб келмоқдамиз”, -дейди “Istiqlol Avlodi” ННТ раҳбари Назифа Камалова.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.