12 ёшли бола онасининг айтганини қилиб заргарлик буюмларини ўғирлади
Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБга Олмазор туманида яшовчи фуқаро M.С. томонидан мурожаат келиб тушган.
Унга кўра фуқаро, ўзи сотувчи бўлиб ишлайдиган, “Эски Жува” бозорида жойлашган заргарлик дўконига жорий йилнинг 28 апрель куни номаълум аёл ўсмир бола билан келгани ва заргарлик буюмларини узоқ вақт кўриб, 49 миллион сўмлик тилла буюмларни танлагани ҳамда сотиб олиш истагини билдириб қўлига олган ҳолда ўғлига бергани, уғли эса дарҳол номаълум томонга қочиб чиқиб кетгани ҳақида маълум қилган.
«Дастлабки суриштирувлар натижасида ушбу ғараз ниятли аёл Қўқон шаҳрида яшовчи 49 ёшли Х. Г. эканлиги, ёнидаги ўсмир эса унинг 12 ёшли ўғли И. А. эканлиги аниқланган», – дейилади хабарда.
Олиб борилган ҳамкорликдаги тезкор тадбирлар натижасида Миллий гвардия ходимлари томонидан воқеа жойидан қочиб кетган вояга етмаган бола қўлга олиниб, қимматбаҳо буюмлар ўрнатилган тартибда ўз эгасига қайтарилган.
Ҳозирда ички ишлар органлари томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Шарҳлар