Охирги 2 йил давомида Тошкентда 30 нафар мулкдорга участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжларига олиб қўйилганлиги учун компенсация тўланмаган

Источник: senat.uz

Йигирма иккинчи ялпи мажлисда сенаторлар Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботини тинглади. Сенаторлар мавжуд муаммоли масалаларни ҳал қилиш бўйича тегишли чоралар кўрилиши кераклигини таъкидлади.

Жумладан, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарларни қоплаш бўйича 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган даври давомида 30 нафар мулкдорга компенсация маблағи тўлаб берилмаган.

Жамоат транспортининг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш, айниқса, аҳоли гавжум нуқталарда йўловчиларнинг бир транспортдан иккинчи транспортга қисқа вақтда хавфсиз ўтиш имкониятини яратиш мақсадида қўшимча равишда транспорт-ўтиш боғламаларини ташкил этиш зарурати мавжуд.

“Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятига қарашли корхоналар тасарруфидаги автобусларнинг 16,6 фоизи (196 таси) техник носозлиги боис ҳаракат мунтазамлиги таъминланмаяпти, йўловчиларнинг автобусларни кутиб туриш вақти айрим йўналишларда 25-40 дақиқани ташкил қилмоқда.

Тошкент шаҳрида оқова сувларни қабул қилиш бўйича мавжуд Салар, Бўзсув ва Бектемир иншоотларида сув тозалаш самарадорлиги лойиҳа бўйича 75 фоизни ташкил этади, бироқ бугунги кунда ушбу иншоотлар 35,5 – 51,3 % қувват билан ишламоқда.

Шаҳарда қурилиш объектларининг кескин кўпайиши натижасида ҳосил бўлаётган чангларни сув сепиб бостириш чоралари етарлича кўрилмаётганлиги атмосфера ҳавосига чангларнинг меъёрдан ортиқ чиқарилишига олиб келмоқда.

Жорий ўқув йилида Тошкент шаҳридаги 25 та умумтаълим мактаби 2,1 коэффициентдан юқори қувват билан фаолият юритмоқда, 2026 йилда мактаб ёшидаги болалар сони 496,1 мингга етиши кутилаётганлиги боис янги мактаблар қуришга эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда.

Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар даражаси 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 3 баробарга ортган.

Психотроп ҳамда кучли таъсир этувчи моддалар, назорат остидаги дори-дармонларнинг аҳоли орасида ноқонуний муомаласи кескин авж олиб бораётганлиги криминоген вазиятга жиддий таҳдид солмоқда. Ички ишлар органлари томонидан 59 та дорихонада ўтказилган тадбирлар давомида жами 66 минг донадан ортиқ турли хилдаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний сотилиши ҳолатлари аниқланганлиги бунинг яққол тасдиғидир.

Муҳокама якунида Тошкент шаҳрида ўз ечимини кутиб турган муаммоли масалаларни бартараф этиш бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.