Оила ва аёллар ишлари бўйича қўмита ташкил қилиш тўғрисидаги фармон имзоланди

Зулайхо Махкамова. Источник: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 1 март куни хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.  Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида Президент фармони қабул қилинди. Ушбу қўмитага Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Зулайҳо Маҳкамова раҳбар этиб тайинланди.

Қўмита раиси айни пайтда Бош вазир ўринбосари ва Сенат аъзоси сифатида фаолият юритади. Қўмитанинг вилоят, туман ва шаҳар бошқармалари раҳбарлари эса, ҳоким ўринбосари ҳисобланади.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда “Аёллар дафтари” жамғармаси мазкур қўмита томонидан бошқарилади. Ўзбекистондаги 9 минг 309 та маҳалла раисининг хотин-қизлар ва оила бўйича ўринбосари лавозимлари ҳам қўмита тизимига ўтказилади ҳамда ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими янгидан жорий қилинади, дея қайд этади мамлакат президентининг матбуот хизмати.

«Энди ҳар бир маҳаллада аёлларнинг дарди билан яшайдиган тизим бўлади. Қайси аёлга нима кераклиги, ўқиши, даволаниши, болалари тарбияси бўйича менинг столимда адолатли рақам бўлади», — деди давлат раҳбари.

Айни дамга қадар хотин-қизлар масалалари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимида эди. Алоҳида қўмита тузилиши муносабати билан, бу вазирлик ҳам Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.