Оливье Бешт: Франция Ўзбекистоннинг трамвай инфратузилмасига инвестиция қилишга тайёр

Фото: Judith Litvine / MEAE

Франция ташқи савдоси бўйича вазир-делегат Ўзбекистонга ташриф буюриб, икки томоннинг муносабатларни ривожлантиришга қаратилган режалар ҳақида сўзлаб берди. Ўтган матбуот анжуманида Оливье Бешт Ўзбекистон билан ҳамкорлик учун энг фаол йўналиш сифатида энергетика, сув таъминоти ва сув хўжалиги соҳаларини қайд этди. Бу ҳақда Anhor.uz мухбири хабар беради.

Бешт Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи икки томон ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга туртки бўлганини таъкидлади. Оливье Бешт Франция президенти Эммануэл Макроннинг Ўзбекистонга ташрифига ишонч билдирди, бироқ унинг аниқ санаси номаълум.

Оливье Бештнинг сўзларига кўра, ўтган ойда Ўзбекистонга Франциянинг 35 та компанияси ташриф буюрган, сафарда унга 15 та компания вакиллари ҳамроҳлик қилган. Масалан, Франциянинг EDF, Total Eren ва Voltalia компаниялари томонидан қўшма яшил энергия лойиҳаси амалга оширилмоқда.

“Биз фақат яшил энергия, қуёш панелларини ўрнатиш, гидроэнергетика, иссиқлик электр станциясини қуриш ҳақида гапирган эдик, атом энергетикаси ҳақида гапирмагандик. Франция аллақачон 56 та ядро реакторларини ишлаб чиқарган бўлиб, ҳозир биз янги авлод реакторларини ишлаб чиқармоқдамиз. Агар Ўзбекистон томони манфаатдор бўлса, биз бу реакторларни тақдим эта оламиз”, – дейди Оливье Бешт.

Бундан ташқари, Европа томонида биноларнинг томларига қуёш панелларини ўрнатиш, тоғли ҳудудларда қуёш батареялари, шунингдек, электр энергиясини ишлаб чиқарадиган сузувчи сув панеллари устида ишланмоқда. Ташриф давомида Бешт Франция томонидан амалга ошириладиган Чимён тоғларида дам олиш масканини қуриш лойиҳаси билан ҳам танишди.

Шунингдек, вазир-делегат Франциянинг Alstom компанияси Тошкент трамвай линияларини ривожлантиришда иштирок этишга тайёрлигини ҳам қайд этди.

“Биз бу соҳада ишлаяпмиз, компания бу соҳага сармоя киритади. Бизга Ўзбекистон томонидан сўров келиб тушди ва кеча Тошкент ҳокими билан учрашдик. Биз у билан ўзаро фикр алмашдик ва келгусида айтишим мумкинки, француз компаниялари трамвай инфратузилмасига сармоя киритишга тайёр”, — деди Оливье Бешт.

Шу билан бирга, Франция томони туризмга ҳам қизиқиш билдирмоқда. Вазирнинг сўзларига кўра, коронавирус эпидемияси туфайли сайёҳлар оқими секинлашган, бироқ француз саёҳатчилари яна Ўзбекистонга қайтмоқда.

“Французлар Марказий Осиё, Самарқанд, Бухоро ва бошқа шаҳарларга қизиқиш билдирмоқда. Франция туризм ва меҳмонхона бизнесини ривожлантиришга ҳисса қўшади. Адашмасам, ҳозирда ҳар йили 20 минг нафар француз сайёҳи Ўзбекистонга саёҳат қилади”, – дейди Оливье Бешт.

Франциянинг ташқи савдо бўйича вазир-делегати 4-6 май кунлари Ўзбекистонда бўлди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.