Олмалиқда 9 қаватли уй қурилиши тўхтатилди

Фото: соцсети

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида 9 қаватли бино қурилиши сифати танқид қилинган видео тарқалди. Бу ҳақда “Газета” нашри ёзади.

Видео муаллифи таянч устунлар арматурасининг ингичкалиги (10 мм) ва улар ораси жуда катта (70 см баландликда) эканлигини таъкидлайди. Эркак бетоннинг сифатсизлиги, юзаси парчаланиб кетганлигига ҳам эътибор қаратади.

Унинг сўзларига кўра, қурувчининг вакили кадастр ҳужжатлари икки кун ичида тайёр бўлишини айтган.

Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мазкур видео юзасидан муносабат билдирар экан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси ходимлари томонидан ҳолат ўрганилаётганини маълум қилди.

«Объектда қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилган ҳамда тегишли органларга тақдим этиш учун зарур ҳужжатлар тўпланмоқда», — дейилади хабарда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.