Омбудсман тадбиркорларнинг қийноққа солиниши ҳақидаги хабарларни назоратга олди
2 май куни Ўзбекистон Омбудсмани Феруза Эшматова«Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамиятининг тадбиркорлар Дилшод Тўрахўжаев ва Ҳасанбой Абдунабиевларнинг қийноқларга солингани ҳақидаги ҳисоботи юзасидан баёнот эълон қилди. Баёнотда айтилишича, Омбудсманга адвокат У.М.нинг ҳимояси остидаги Ҳасанбой Абдунабиев қийноққа солинганлиги ҳақида юборган мурожаати тезкорлик билан ижрога қаратилиб, 1 май куни ушбу мурожаат Ўзбекистон Республикаси ЖПК талаблари асосида кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага Омбудсманнинг алоҳида назорат хати орқали юборилган.
Шунингдек, Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари вакиллари томонидан хабарларда қайд этилган шахслар билан учрашиб, ҳоли тарзда суҳбатлашишлари учун навбатдан ташқари мониторинг ташрифини ташкил қилиш ҳам режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда Grand Mir Farm фармацевтика компаниясининг асосчиси, тадбиркор Хасанбой Абдунабиев қўлга олинган эди. У кучли таъсир этувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосида айбланмоқда.
ИИВ хабарига кўра, Абдунабиевнинг машинасидан 3 дона «Тропикамид», 3 капсула «Селофен» ва 38 капсула «Регапен» дори воситалари топилган. Учта дори ҳам кучли таъсир қилувчи дори ҳисобланади ва уларни сотиш бўйича чекловлар мавжуд.
Қўлга олинган шахс Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 3-қисмида (уюшган гуруҳ томонидан кучли ёки заҳарли моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан шуғулланиш /7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Абдунабиев жиноятга иқрор бўлиши учун Божхона қўмитаси биносида электрошокер билан қийноққа солинган бўлиши мумкин. Унга ёрдам бериш учун қўмитага тез ёрдам машинаси чақирилган.
Шифокор ёпиқ бош мия суяги шикастланиши, мия чайқалиши, кўкрак ва орқа юмшоқ тўқималарнинг кўплаб кўкаришлари ташхисини қўйган. Беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгач, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.
Ички ишлар вазирлиги Божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Хасанбой Абдунабиев “фаол қаршилик кўрсатгани учун жисмоний куч қўллаган ҳолда” қўлга олингани ҳақида хабар берди.
Вазирлик унинг бошқа оғир жиноятларга алоқадорлиги текширилаётганини таъкидлаган. Гумонланувчи процессуал ҳимоя билан таъминланган, – дея қайд этади вазирлик.
Шарҳлар