Омбудсман вакиллари Даулетмурат Тажимуратов сақланаётган тергов ҳибсхонасида бўлди

Даулетмурат Тажимуратов (справа). Фото: ombudsman.uz

6 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари вакиллари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан жиноят иши бўйича судланган, ҳозирда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 1-сонли тергов ҳибсхонасида («Тоштурма» номи билан машҳур) сақланаётган шахслар билан учрашди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри ёзади.

Мониторинг давомида омбудсман вакиллари ҳибсхонада бир қатор камчиликлар мавжудлигини аниқлади. Хусусан, айрим камераларда санитария-гигиена ҳолати талаб даражасида эмаслиги, сақланаётган шахсларга сайр учун етарли вақт берилмаётгани ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш бўйича айрим эътирозлар билдирилди. Ушбу салбий ҳолатларни тезкорлик билан бартараф этиш юзасидан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига омбудсман талабномаси киритилди.

Қайд этамиз, Нукус воқеалари бўйича биринчи судланган 22 нафар маҳкумдан 16 нафари дастлабки инстанция судининг қарори устидан апелляция шикоятини берган бўлиб, апелляция Тошкент шаҳрида кўриб чиқилаётгани сабабли (биринчи суд жараёни Бухорода бўлиб ўтган) маҳкумлар 1-сонли тергов ҳибсхонасига ўтказилган. Мониторинг ташрифи давомида ушбу айбланувчилар сақланаётган камераларга, хусусан, Даулетмурат Тажимуратов сақланаётган камерага ҳам ташриф буюрилди. Улар билан жамоавий ва якка тартибда ҳоли тарзда суҳбатлар ўтказилди, – дейилади хабарда.

Аввалроқ Даулетмурат Тажимуратов омбудсманни танқид қилиб, Бухородаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ва жамоат ташкилотлари вакиллари бошқа айбланувчилар билан учрашганини, лекин у билан ҳеч қачон учрашмаганини таъкидлаганди. 5 май куни бўлиб ўтган суд мажлисида у тергов ҳибсхонаси омбудсман ва Бош прокурорга хатларини жўнатмаётганини ҳам қайд этганди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.