Оммавий спорт тадбирларини ўтказиш учун ҳар бир ҳудудга 100 млн сўмгача маблағ ажратилади

Источник: Anhor.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди. Спортни ривожлантириш вазирлигига маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан бирга йил давомида 6 миллион нафар ўғил-қизларни оммавий спорт тадбирларига қамраб олиш вазифаси қўйилди.

Бунинг учун 10 апрелдан бошлаб, маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат оммавий спорт тадбирлари ўтказилади. Уларни ташкил этиш учун “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ҳар бир вилоятга 100 миллион сўмгача, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш учун 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади. Энг яхши натижа кўрсатган ёшлар туман ва шаҳар, вилоят ҳамда миллий терма жамоалар таркибига саралаб олинади.

Оммавий спорт тадбирларида ёшларнинг иштироки бўйича маҳаллалар рейтингини ишлаб чиқиш, “қониқарсиз” деб топилган жойларга таниқли мураббий ва спортчиларни бириктириб, спортни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Шуларни инобатга олган ҳолда, оммавий спортни янада ривожлантириш, жорий йил Ханчжоуда ўтадиган Осиё ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш, спорт мураббийлари тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қарорлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.