Оммавий тадбирларни ўтказиш, кинозаллар ва театрлар фаолияти вақтинча тўхтатилмоқда

Ўзбекистон ҳукумати яна кинозаллар ва театрларни ёпиш ҳамда барча оммавий тадбирлар ўтказилишини вақтинчалик тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди. Бунга COVID-19 га чалинган беморлар сонининг ошиши сабабчи, деб ёзади “Sputnik” нашри.

«Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик барқарорликни таъминлаш мақсадида… Республика махсус комиссияси томонидан очиқ майдонлар ёки ёпиқ мажмуаларда бўлишидан қатъий назар, юртимизда барча турдаги оммавий байрам тадбирлари, спорт мусобақалари, шунингдек, концерт, фестиваль, театр ва кино дастурлари вақтинча тўхтатилиши белгиланди», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабарида.

Спорт мусобақаларини эса мухлисларсиз ўтказишга рухсат берилди.

Бундан ташқари, 1 августдан бошлаб оилавий тадбирлар, тантаналар ва тўйларда меҳмонлар сони 50 кишидан ошмаслиги керак.

Янги чекловларнинг муддати мамлакатда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазиятнинг кейинги ривожига боғлиқ бўлади.

Расмий статистикага кўра, сўнгги пайтларда касалланганлар сони ҳар куни 400 кишидан ортмоқда, ҳолбуки ушбу рақам январь-февраль ойларида кунига 50 киши атрофида эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.