Қўқон педагогика институтининг талаба қизлари ётоқхона хонасида яширин камера ўрнатилганини пайқаб қолишди

Фото: kun.uz

Талаба қизларнинг сўзларига кўра, 1 апрел куни уларни референдум тарғибот тадбиридан зудлик билан чақириб, ётоқхона (талабалар турар жойи)даги хонани очиб беришни сўрашган. “Вай-фай сигнали йўқолиб қолаётгани сабабли уни кучайтирувчи мослама ўрнатилиши”ни айтишган. Қизлар хонани очиб беришганидан сўнг, усталар кириб, симларга тегиб, ниманидир ўрнатишган. Табиийки, қизлар бундан шубҳаланишган. Хонанинг юқори бурчагига ўрнатилган мосламани очиб кўришган. У учта шуруп билан қотирилган. Тўртинчи шуруп жойига шуруп қотирилмаган, лекин қора нарса бўртиб турганини кўришган. Кейинчалик бу нарса яширин камеранинг митти объективи экани маълум бўлган.

Kun.uz нашрининг маълум қилишича, қизлар ўрнатилган мосламани ечиб олиб, мутахассисларга олиб бориб, кўрсатишган. Улар мосламанинг яширин камера эканини тасдиқлашган. Камера овоз ва тасвирни флеш-дискка ҳам ёзиб олишини, тармоқ орқали бошқа қурилмага узатишини ҳам айтишган. Яъни хонани бу камера орқали онлайн кузатиб туриш имкони ҳам бўлган.

Қизлар камерага бириктирилган 128 Gb ҳажмдаги флэш-дискни очиб ўқитиб кўришганида, уларнинг уйдан келиб, яланғоч кийим алмаштираётганлари ҳам тасвирга тушганига гувоҳ бўлишган.  Қизлар 102 рақами (ИИБ)га қўнғироқ қилиб, арз қилишган. Президент порталига ҳам ариза ташлашган. Ариза айланиб келиб маҳаллий участка нозирига тушган. У ўрганмоқда. Участкавой маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Ойбек Бозоровга ҳар бир аниқланган детал бўйича ҳисобот бериб тургани айтилади, дея қайд этади нашр.

Қизлар бу воқеадан шикоят қилиб, институт ректори Дилнозахон Хўжаеванинг ҳам ҳузурига киришган.

«Ректор саломимизга алик ҳам олгани йўқ. Бизни эшитиб, «яширин камера эканини қаёқдан билақолдинглар?» деди. Биз уни очиб мутахассисга кўрсатганимизни айтдик. «Хоналарингга ўрнатиб кетилган институтнинг мулкини очиб кўришга нима ҳақларинг бор? Балки ўзларинг ўрнатгандирсизлар», деб ўшқирди ректор бизга», – дейишмоқда қизлар.

Проректор Ойбек Бозоровга кўзда ёш билан мурожаат қилган қизлар «кийиниб-ечинганимиз ҳам видеога олинибди», дейишган. Уларнинг сўзларига кўра, проректор бунга жавобан пинагини ҳам бузмасдан, 102га телефон қилгани учун талабаларга дашном берган. Талаба-қизларнинг айтишича, проректор бу ҳолатни шикоят қилган қизларни ушбу хонадан кўчириб, у ерга тарбияси оғир бошқа бир қизни жойлаштириш режа қилингани, лекин уларни кўчиришга улгурмай қолингани билан тушунтиришга ҳаракат қилган.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг матбуот хизмати вазиятни ўргангач, ҳақиқатан ҳам талабалар хонасида яширин камера ўрнатилганлигини тасдиқлади. Вазирлик ички текширув ўтказиб, айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўришини билдирди.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.