Open Budget порталида овоз бериш якунланди, ғолиблар эълон қилинди
Бугун, 7 апрель куни «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг 2023 йилнинг 1-мавсуми якунланди. «OpenBudjet» портали орқали 33 680 та ташаббус учун 16 миллиондан ортиқ овоз берилган. Бу ҳақда “Газета” нашри ёзади.
8 мартдан 7 апрелгача фуқаролар яшаш ҳудудидаги турли ижтимоий муаммоларга барҳам бериш бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг мақсадли тақсимланишида иштирок этди.
Овоз бериш босқичи якунларига кўра, мамлакат бўйлаб жами 1 666 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Бу ўтган мавсумдаги тасдиқланган лойиҳалардан кўп. (2022 йил 2-мавсумда 1418 та лойиҳа ғолиб бўлганди). Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун эса 1,6 трлн сўмга яқин маблағ ажратилган. Аввалроқ, ушбу мавсумга 1,7 трлн сўмдан ортиқ пул йўналтирилиши айтилганди.
Фуқаролар ўз лойиҳаларига кўпроқ овоз тўплаш учун эса турли усуллардан фойдаланди, жумладан, ҳисобни тўлдириш, бепул ичимлик улашди ва ҳатто ўсимлик ёғини бериш ҳам кузатилди. Даставвал «Бир овоз-5000 сўм» каби эълонлар тарқалганди. Муддат якунигача 1 овознинг қиймати 20 минг сўмгача етди.
Мактабгача таълим соҳасида – 91 та, мактаб таълими – 689, мусиқа ва мактабдан ташқари таълим – 11, бошқа таълим муассасалари – 62, спорт муассасалари – 39, соғлиқни сақлаш муассасалари – 205, болалар майдончалари – 16, халқ дам олиш марказлари – 10, кўчаларни ёритиш – 35, дренаж тизими – 11, ички йўллар ва пиёдалар йўлаклари – 381, ичимлик суви ва канализация – 20, маҳалла марказлари – 20, қабристонларни ободонлаштириш – 6, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш – 6, газ таъминоти – 16 ва бошқа лойиҳалар маъқулланди.
Энг кўп овоз тўплаган лойиҳалар ташаббускорлари ғалабани карнай-сурнай, рақс ва концерт дастури билан нишонлади. Уларнинг баъзилари Ўзбекистон байроғи билан кўчаларда юришди.
Шарҳлар