Ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган фирибгарлар ушланди

Фото: @Department_uz

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Сирдарё вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.Б. фуқаро Г.С.нинг ишончига кириб, унга қўшни Қозоғистон Республикаси тиббиёт олийгоҳида ўқиётганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар расмийлаштириб бериб, кейинчалик Тошкент шаҳридаги хусусий университетлардан бирига ўқишини кўчириб бериши эвазига 2 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Бу ҳақда Департамент матбуот хизмати ёзяпти.

Шу каби, «Департаментнинг Яккасарой туман бўлими, ДХХ ва ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда  фуқаролар У.Х. фуқаро М.А.нинг ишончига кириб, унинг ўқишини Қирғизистон Республикаси олийгоҳидан Тошкент шаҳридаги хусусий университетлардан бирига кўчириб бериши эвазига 1 000 АҚШ долларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган», – дейилади хабарда.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.