Қорақалпоғистон имтиёзларга, технопаркка, олий ўқув юртларида квоталарга эга бўлади

Источник: president.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида суверен республика аҳолиси муаммоларини ҳал этиш бўйича янги чора-тадбирларни маълум қилди. Унинг матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбарининг топшириқларини тилга олди, деб ёзади «Фергана» нашри.

Жумладан, Президент Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қуйидаги топшириқларни берди:

– ҳудуд учун фойда солиғи ставкасини 15 фоиздан 7,5 фоизга тушириш;

– айланма солиқ ставкасини Нукус шаҳрида 4 фоиздан 2 фоизга, туманларда 2 фоиздан 1 фоизга, олис ҳудудларда эса 1 фоиздан 0,5 фоизга пасайтириш;

– Қорақалпоғистондаги ёш табдиркорларга етти йиллик муддат билан имтиёзли кредитлар бериш;

– Мулк ва ер солиғини икки баробарга камайтириш борасида қарор лойиҳасини кўриб чиқиш;

– жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари учун режадаги 650 миллиард сўмга қўшимча равишда 200 миллиард сўм ажратиш;

– Инвесторларга кўмак марказини ташкил этиш, унда қорақалпоғистонлик тадбиркорларга лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, субсидия, кредит ва компенсация олиш, маҳсулотига бозор топишга кўмаклашиш бўйича бепул хизматлар кўрсатиш;

– Инвесторларга кўмак маркази қошида Нукус шаҳридаги 10 гектар ер майдонида Саноат технопаркини ташкил этиш;

– Кегейли ва Хўжайли туманларида Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ташкил қилиш.

2025 йилгача қўшилган қиймат солиғи бўйича режадан ошириб бажарилган тушумлар Қорақалпоғистон бюджетида қолдирилади.

Аграр соҳадаги масалаларни ҳал қилиш бўйича:

– йил якунига қадар 6 минг 620 гектар, келгуси йилда 6 минг гектар пахта ва ғалла ерларини қисқартириб, аҳолига ижарага беришни йўлга қўйиш;

– экин экиш харажатлари учун фермерларга 200 миллиард сўм ва деҳқонларга 50 миллиард сўм ажратиш;

– сув таъминотини яхшилаш мақсадида ҳар бир қудуқни бурғилаш ва ишга тушириш учун 15 миллион сўмгача субсидия ажратиш ва бошқа молиявий кўмак бўйича топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш йўналишида:

– Ижтимоий ҳимоя реестрига кирган оилаларга кўмир, суюлтирилган газ, озиқ-овқат ва бошқа зарур эҳтиёжлар учун 600 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратиш;

– 15 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон учун пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган шахсларга темир йўл ва авиа чипталар сотиб олиш учун 50 фоизлик имтиёзни тиклаш;

– боғча, мактаб ва тиббиёт муассасалари қурилишига келгуси беш йилда қўшимча 5 триллион сўм ажратиш бўйича топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистонлик ёшлар учун мамлакатдаги барча олийгоҳларга алоҳида 6,5 мингта қабул квоталари жорий этилади.

Президент Қорақалпоғистондаги эҳтиёждан келиб чиқиб, экология, қишлоқ хўжалиги, ирригация, қурилиш соҳаларида таянч докторантурада қўшимча кадрлар тайёрлашни йўлга қўйишга топшириқ берди.

Президент мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига:

– «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» автомобиль йўлининг Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа туманларидан ўтган қисмини реконструкция қилишга 160 миллион доллар жалб этиш;

– таъмирталаб бўлган 1 минг 500 километр сув тармоқлари, 150 дан зиёд қудуқ, насос ва сув станцияларини таъмирлаш;

– Нукус шаҳри, Тахиатош ва Хўжайли туманлари марказларида оқова сув тармоқларини қуриш;

– 128 та трансформатор, 7,5 мингта симёғоч устунларини алмаштириш;

– Қорақалпоғистоннинг ҳар бир шаҳри ва туманида Ички йўлларни таъмирлаш;

– икки ой муддатда Қорақалпоғистонда халқаро ва ички автомобиль йўлларини ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқишга топшириқ берди.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистонда аҳоли учун якка тартибдаги уй-жой қуриш мақсадида ер участкаси тақдим этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. «Тўғри, бу амалиётга чек қўйганмиз, ва бошқа ҳудудларда бундай имконият йўқ. Лекин, Қорақалпоғистон аҳолиси мурожаатларини инобатга олиб, истисно қилиб беришга тайёрман. Фақат пухта ишланган, адолатли ва шаффоф тизим асосида бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.