Қорақалпоғистон, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлардаги давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутатлари сенатор бўла олмайди
“Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги Конституциявий Қонунига киритилган қўшимчага кўра, Қонунчилик палатасининг депутати бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, Сенат аъзолари (сенаторлар) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — тўрт кишидан сайланади. Қорақалпоғистон, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлардаги давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутатлари сенатор бўла олмайди.
Сенатнинг тўққиз нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Президент томонидан тайинланади.
Шунингдек, Сенат ва унинг органлари мажлисларида Марказий банк бошқаруви раиси иштирок этиши мумкин.
Бундан ташқари, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Сенат Раиси бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Шарҳлар