Қорақалпоғистонда браконьерлар томонидан Қизил китобга киритилган 14 та жайрон ўлдирилган
12 декабрь куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Нукус шаҳар, Тахиатош, Тахтакўпир тумани инспекторлари ҳамкорлигида Тахтакўпир туманида экологик ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш юзасидан назорат тадбирларини амалга оширган.
Мазкур рейд давомида тахминан соат 14 ларда Тахтакўпир тумани Қўнғироткўл овул фуқаролар йиғини атрофидаги чўл ҳудудида давлат рақамисиз “УАЗ 469” русумли ранги кулранг автомашинасида турган номаълум шахслар инспекторларнинг эътиборини тортган.
Номаълум шахслар инспекторларнинг яқинлашаётганлигини кўриб қолиб, воқеа жойидан қочишди. Инспекторлар тахминан 5 км масофагача уларнинг изидан борди, лекин уларни ушлаш имкони бўлмади, дейилади Давлат экология қўмитасининг хабарида.
Воқеа жойи кўздан кечирилганда отилган патрон гилзаси, идиш-товоқ, хўжалик буюмлари бўлган пичоқ, болта, ёқилғи, кийим-бошлар ҳамда “Қизил китоб”га киритилган 14 дона жайрон, 5 дона ёввойи қуён ташлаб кетилганлиги маълум бўлган.
Ушбу ҳолат юзасидан тегишли тартибда далолатнома тузилиб, воқеа жойи видео тасвирга олинган. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар