Қорақалпоғистондаги воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия Даулетмурат Тажимуратовни бориб кўрди

Источник: t.me/commissionuz

Қорақалпоғистонда июль ойи бошидаги воқеаларни ўрганиш бўйича парламент комиссияси аъзолари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги 11-сон Тергов ҳибсхонасига ташриф буюриб, у ерда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳамда адвокатлар ва яқин қариндошлари билан қисқа муддатли учрашув хоналардаги шароитларни ўрганди. Бу ҳақда «Газета» нашри ёзади.

Комиссияни бошқарадиган омбдусман Феруза Эшматова ва бошқа комиссия аъзолари ҳибсхонада сақланаётган шахслар, шу жумладан ушбу воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноий иш бўйича асосий айбланувчилардан бири Даулетмурат Тажимуратов билан суҳбатлашди.

«Учрашув давомида Тажимуратов адвокат билан таъминланганини ва адвокатининг у билан учрашишида ҳеч қандай қаршиликлар йўқлигини, оила аъзолари билан ҳам қисқа муддатли учрашув ўтказилганлигини ҳамда посилка ва йўқловлар олаётганини маълум қилди», — дейилади хабарда.

Даулетмурат Тажимуратовнинг сўзларига кўра, унга нисбатан тергов ҳаракатлари давомида ва тергов ҳибсхонасида ҳеч қандай қийноқ, босим ёки тазйиқлар бўлмаган. Овқатларнинг сифати ва ҳибсхонадаги бошқа шароитларга ҳеч қандай эътирози йўқлигини билдирди.

«Комиссия аъзолари ташриф давомида гумон қилинувчиларнинг Тергов ҳибсхонасида сақланаётган пайтида ва тергов жараёнларида ҳеч қандай ҳуқуқлари бузилмагани ҳамда руҳий ва жисмоний қийноқ ҳолатларига йўл қўйилмаганига гувоҳ бўлди», — дея қайд этди комиссия.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.