Қорақалпоғистоннинг узоқ ҳудудларидаги маҳаллаларда тиббиёт пунктлари ташкил этилади

Источник: unsplash.com

Президент “Қорақалпоғистон Республикасида 2022–2024 йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада кучайтириш тўғрисида ”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат қуйидагиларни яратишни назарда тутади:

  • Қорақалпоғистон Республикасида сурункали касалликларга чалинган ва ногиронлиги бўлган 120 ўринли болалар тиббий реабилитация маркази;
  • 80 ўринли фтизиатрия болалар санаторийси;
  • Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибидаги 20 ўринли жарроҳлик бўлими;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Кўп тармоқли тиббиёт маркази жарроҳлик бўлими негизида академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт маркази Нукус филиали;
  • Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибида мавжуд ўринлар доирасида 20 ўринли умидсиз оғир беморларга паллиатив ёрдам кўрсатиш бўлимлари (хоспис).

2022 йил охиригача қуйидаги чоралар кўрилади:

  • бирламчи тиббиёт муассасаларидан узоқда жойлашган маҳаллаларда қўшимча 34 та маҳалла врачлик пунктларини ташкил этиш;
  • тез тиббий ёрдам хизматини 63 дона махсус тез тиббий ёрдам автомашиналари билан таъминлаш.

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидаги чоралар кўрилади:

  • марказий кўп тармоқли поликлиникалар ва оилавий поликлиникаларнинг филиаллари негизида 16 та оилавий врачлик пунктини яратиш, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш;
  • болаларда кенг тарқалган касалликларни эрта аниқлаш учун 2-10 ёшли болалар ўртасида гельминтоз ва 12-15 ёшли қизлар ўртасида анемия учун скрининг дастурини жорий этиш.

Вазирнинг Оролбўйи минтақасида тиббий хизмат бўйича ўринбосари лавозими жорий этилади. Вазирнинг Оролбўйи минтақасида тиббий хизмат бўйича ўринбосари Оролбўйи минтақасида ўз фаолиятини устувор асосда ташкил этиб, шаҳар ва туманларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, соҳадаги муаммоларни бевосита жойларда ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилишини таъминлайди.

2022 йилнинг 1 июлидан бошлаб лепрозорияларда ишловчи барча ходимларнинг расмий маошига 50 фоизлик устама тўланади.

Қарорга кўра:

  • камида 3 йиллик иш стажига эга бўлган оила шифокорлари тор мутахассислик сифатида бирламчи бўғинда фаолиятни амалга ошириш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қайта тайёрлаш курсларида ўқитилади;
  • тиббиёт олий ўқув юртлари битирувчилари ва тиббиёт муассасалари мутахассислари шошилинч тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тез тиббий ёрдам ва шошилинч тиббий ёрдам хизмати фаолиятини амалга ошириш учун қайта тайёрлаш курсларида ўқитилади;
  • 2022-2024 йилларда камида 75 нафар тиббиёт ходими малака ошириш ва стажировка ўташ учун хорижий нуфузли тиббиёт муассасалари ва марказларига юборилади.

Фармон билан 2022-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.