ОТБ Оролбўйи ҳавзасида сув ресурсларини бошқаришга қарз маблағларини ажратмоқда

Монумент Аральскому морю. Источник: novastan.org

Ўзбекистон президенти “”Оролбўйи ҳавзасида сув ресурсларини иқлим ўзгаришига мос ҳолда бошқариш” лойиҳасини Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бу ҳақда “Норма” нашри ёзади.

Ўзбекистон Республикаси ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 2022 йил 24 июнда имзоланган Битимга мувофиқ 25 йил муддатга, шу жумладан 5 йиллик имтиёзли давр билан 150 млн АҚШ доллари миқдорида қарз ажратилиши назарда тутилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 194,9 млн АҚШ долларини ташкил этади, шу жумладан Ўзбекистоннинг ҳиссаси 40,2 млн АҚШ доллари эквивалентида, шундан 26,6 млн АҚШ доллари республика бюджети ҳисобидан ҚҚСни қоплаб бериш ва божхона божидан озод этиш шаклида бўлади.

Осиё тараққиёт жамғармасидан 3 млн АҚШ доллари, Осиё тараққиёт банкининг Юқори технологиялар жамғармасидан 0,3 млн АҚШ доллари ажратилади, фермер хўжаликлари улуши эса 1,38 млн АҚШ долларини ташкил қилади.

Лойиҳани амалга ошириш даврида (7 йил –2022-2029 йиллар) “вақтинча олиб кириш” божхона режимига расмийлаштирилган махсус техникалар, механизмлар ва технологик ускуналар божхона божлари ва солиқ тўловларидан шартли озод этилади.

Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида амалга оширилади.

Сув хўжалиги вазирлиги – лойиҳани амалга ошириш, қарз ва грант маблағларидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланиш, шунингдек, барча мақсадли кўрсаткичларига эришилишини таъминлаш юзасидан масъул ижро этувчи орган ҳисобланади. Лойиҳани бошқариш ва мувофиқлаштириш функциялари Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш марказига юкланади.

Осиё тараққиёт банкининг қарзини сўндириш, шунингдек, фоиз, қарз бўйича комиссия ва бошқа тўловлар билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистоннинг Республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.