Ўзбекистон енгил атлетика федерациясига янги раис сайланди

Фото: olympic uz

Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда терма жамоанинг Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига олиб бораётган тайёргарлиги кўриб чиқилиб, федерация бошқарувига янги раис сайланди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати ёзмоқда.

Федерация Бош котиби Камолиддин Рўзимуҳаммедов Ўзбекистон терма жамоасининг Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига олиб бораётган тайёргарлиги юзасидан ҳисобот берди. Шундан сўнг кун тартибидаги асосий масалалар кўриб чиқилди.

Унда федерация раиси лавозимида ишлаб келган Меҳриддин Абдуллаевнинг ўз хоҳишига кўра лавозимини тарк этиши ҳақида ёзган аризаси иштирокчилар томонидан қаноатлантирилди. Шундан сўнг Ижроия қўмита тавсиясига биноан федерация раҳбарлигига “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Сидиқов Баҳодир Баҳромович номзоди илгари сурилди.

«Ойбек Омилович номзод ҳақида ўз фикрларини билдирар экан, унинг спортсевар инсон сифатида яхши ном қозонгани, оммавий спорт ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш масаласида жонбозлик кўрсатиб келаётгани ва келгусида юртимизда енгил атлетика ривожини янги босқичга кўтара олишига шубҳа қилмаслигини билдирди. Делегатлар номзодни бир овоздан маъқуллашди ва Баҳодир Сидиқов Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг янги раиси этиб сайланди», – дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.