Ўзганинг маблағини «уҳлатган» телефонфуруш қўлга олинди
«Олх» платформасида «I phone Х» сотаман дея ўзганинг пул маблағларини ухлатган йигит қўлга олинди, деб ёзмоқда Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати.
Навоий вилояти, Хатирчи туманида яшовчи 33 ёшли Ш.С. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 1.300.000 млн. сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманида яшовчи 23 ёшли С.Ю. содир этганлиги аниқланган.
«Гумонланувчи сифатида тергов ҳаракатларига жалб этилган, С.Ю. “Олх” платформасида “I phone Х” сотилади дея ёлғон эълон жойлаштирган ва бу эълонга ишонган жабрланувчи Ш.С. билан телефон орқали гаплашиб, уни ишончига кириш орқали, олдиндан 1.300.000 млн. сўм миқдоридаги пулларни ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига ўтказиб олган ва ёзишмаларни ўчириб юбориб, унинг қўнғироқларига жавоб бермай, қора рўйхатга киргазиб қўйган», – дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, С.Ю.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «г» бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Шарҳлар