Партия ташаббуси билан Ўзбекистон Конституциясининг аудиокитоби яратилди
Эътироф этиш лозим, мамлакатда аҳолининг кенг қатлами билан бир қаторда имконияти чекланган юртдошларимизнинг ҳуқуқий саводхонлик ва маданиятини юксалтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда замонавий ахборот технологияларининг кенг имкониятларидан фойдаланган ҳолда яратилган қулай ва интерактив юридик адабиётларга талаб юқори эканлиги ҳам ўз-ўзидан аён.
Шу боис, «Адолат» СДП томонидан яратилган Бош қомуснинг аудиокитоб шаклдаги варианти аҳолининг барча қатлами учун Конституция нормаларининг мазмун-моҳиятини қулай, осон тарзда тушуниш, эслаб қолиш имкониятини яратиши билан аҳамиятли. Бу ҳақда «Адолат» СДП матбуот хизмати маълум қилмоқда.
«Айтиш жоизки, партия Сиёсий Кенгаши раисининг ташаббуси асосида яратилган мазкур аудиокитобда бир қатор соҳа мутахассислари ва партия фаолларининг таклиф ва тавсиялари ҳам ўз аксини топган. Қолаверса, муҳаррир Ислом Ҳамроев, режиссёр Ҳожиакбар Расулов ҳамда овоз муаллифи Навфал Болтаевлардан иборат ижодий жамоа ҳамкорлигида тайёрланган аудиокитоб фуқаролар, жумладан ёшларнинг бўш вақтларини унумли ўтказиш, иш, ўқиш ва кундалик ҳаётда Конституциянинг муҳим нормаларини самарали ўрганиш имкониятини яратади. Энг муҳими, ушбу ташаббус орқали имконияти чекланган фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган», – дейилади хабарда.
Эндиликда мазкур аудиокитобни кенг оммага етказиш мақсадида қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар, шу жумладан, олий ва ўрта таълим муассасалари, имконияти чекланганлар билан ишлаш жамиятлари ва, албатта, Миллий кутубхона тизимидаги ахборот ресурс марказларига етказиш ҳамда ушбу ташкилотлар билан ҳамкорликда тақдимот тадбирларини ўтказиш режалаштирилган.
Шарҳлар