Пенсияни пластик картада олувчиларга 1 фоиз қўшимча пул берилади

Источник: norma.uz

Президент “Давлат пенсиялари, нафақалар, компенсациялар ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Хусусан, 1 майдан бошлаб пенсия, нафақа, компенсациялар ва моддий ёрдам пулини банк карталари орқали олувчиларга ҳар ойлик пенсия ва нафақа пулининг 1 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинади.

Шунингдек худди шу даврдан бошлаб:

– “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилганларга ва жазони ўтаб озодликка чиққан фуқароларга бериладиган тўловлар ҳар ойнинг 5-санасигача молиялаштирилади ҳамда АТ “Халқ банки”нинг сайёр кассалари томонидан маҳаллаларга етказилади;

– АТ “Халқ банки” томонидан пенсия, нафақалар ва моддий ёрдамни фуқароларга нақд етказиш хизматлари учун Пенсия жамғармаси ва бюджетдан 1 фоиз банкка хизмат ҳақи тўлаб берилади.

2022 йил 1 сентябргача ҳарбийлаштирилган пенсиялар тизими автоматлаштирилади ва пенсия варақаларини юритиш амалиёти бекор қилинади.

2022 йил 1 октябргача хориждан 1 800 та банкомат олиб келиб олис ҳудудларга ўрнатилади.

2022 йил якунигача пенсия ва нафақа олувчилар маблағларини масофадан бошқариш имконини берувчи банкнинг янги мобил иловаси ишлаб чиқилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.