Ўзбекистонда пенсия таъминоти тизими ислоҳ қилинади
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси “Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Қарорга кўра амалдаги давлат пенсия таъминоти тизимида мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда илғор хорижий тажриба асосида пенсия таъминоти тизимининг барқарорлигини таъминлаш ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлашга қаратилган таклифларни тайёрлашга маъсул ишчи гуруҳ ташкил етилди.
Ишчи гуруҳга бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров раҳбарлик қилади. Гуруҳ таркибидан иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири, солиқ қўмитаси раиси, адлия вазири ўринбосарлари ва Президент администрацияси икки масъул ходими ўрин олди.
2025 йил 1 мартга қадар ишчи гуруҳ давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиши ва киритиши лозим.
Ишчи гуруҳга белгиланган вазифаларни амалга оширишда вазирлик ва идоралар, илмий ва таълим ташкилотлари, халқаро ташкилотлар мутахассисларини, шунингдек, маҳаллий ҳамда хорижий эксперт ва маслаҳатчиларни жалб қилиш ҳуқуқи берилади.
Шарҳлар