Пиёда юриш катта ёшдаги инсонлар учун қанчалик фойдали
Камҳаракатлик сабабли дунёда инфаркт, инсульт, саратон, қандли диабет каби хавфли ноинфекцион хасталикларга чалиниш ортиб бормоқда.
Ноинфекцион хасталиклар жаҳонда ногиронлик ва ўлимнинг асосий сабабидир. Бу муаммонинг олдини олиш учун эса мунтазам жисмоний фаоллик зарур. Инсон танаси учун энг табиий ва фойдали машғулот эса пиёда юришдир. Айниқса, у катта ёшдагилар учун тавсия этилади.
- Доимий пиёда юриш юрак-қон томир касалликлари хавфини 31 фоизга камайтиради;
- Мунтазам равишда пиёда юрган кишиларда ўлим ҳолати эҳтимоли ўзини ортиқча уринтирмаган кишиларга нисбатан 32 фоизга кам бўлади;
- Тиббиёт соҳасида ишловчи 44 452 киши орасида – кунига камида 30 дақиқа пиёда юрганлар юрак ишемик касалликлар хавфига 18 фоизга камроқ чалинишган;
- 72 488 тиббиёт ҳамшираси орасида ҳафтасига 3 соат пиёда юрган ходимларда юрак хуружи – 35 фоизга, инсульт хавфи 34 фоизга кам бўлган.
Лондон унверситетининг олимлари пиёда юришнинг организимга таъсирини ўрганиш учун 1970 йилдан 2007 йилгача бўлган барча тадқиқотлар мета-таҳлилини ўтказди. Бунда 500 000 киши иштирок этиб, улар ўртача 12 йил давомида кузатилган. Таҳлил натижаларига кўра, улар қуйидаги хулосага келди:
- Асаб тизими – мия фаолияти, ҳаракат ва координацияни яхшилайди, асаб ҳужайралари кислород билан бойитади, тинчлантиради, уйқу меъёрлашади. Депрессия хавфини 30 фоизга, Алцгеймер касаллигини 40 фоизга камайтиради;
- Ҳаракат-таянч тизими – метоболизмни оширади, ортиқча калорияни йўқотади ва мушак массаси ортади. Юриш таъсири остида суяк тўқимасининг тикланиш жараёнлари фаоллашади, бу суяк минерал зичлигини ошишига олиб келади. Бўғимлардаги оғриқни камайтириб, ҳаракатчанликни оширади;
- Нафас олиш тизими – ўпка вентеляциясини яхшилаб, ҳажмини оширади. Кўкрак қафаси мушаклари нафас олиш жараёнига жалб қилингани сабабли кислород алмашунуви 30 фоизга ошади;
- Овқат ҳазм қилиш тизими – ўт пуфаги ва ичаклар тўлқинли ҳаракатларининг ошиши туфайли ўт қопида тош пайдо бўлиши ва қабзиятнинг олдини олади;
- Эндокрин тизими – юрганда мушаклар энергияни ёғларнинг оксидланиши ва углеводларнинг парчаланиши ҳисобига олади. Бу ортиқча вазн йўқотишда самарали таъсир кўрсатади ва қандли диабет касаллигининг олдини олади;
- Мунтазам юриш иммунитетни мустаҳкамлайди.
Улашиш:
Шарҳлар