Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ходимларга ҳисобланган устамалар бўйича изоҳ берди

Фото: Хокимият Мирзо-Улугбекского района

Халқ депутатлари Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани кенгаши ҳокимлик ходимлари, жумладан, туман ҳокими, шунингдек, кенгаш девони ходимларининг лавозим маошларига апрель ойи учун 306,2 миллион сўм миқдорида устама ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри ёзади.

Тошкент шаҳри ҳокими ва туманлар ҳокимлари девони, шунингдек, давлат бошқаруви ҳудудий органлари ходимларининг фаолиятини баҳолаш натижасига кўра уларнинг лавозим маошларига маошининг 200 фоизига қадар миқдорда устама белгиланади, бу президентнинг 2018 йил 17 августдаги фармони билан тасдиқланган. Устамалар маҳаллий бюджет даромадлари прогнози ортиғи билан бажарилгани сабабли берилади.

Бунга эътибор қаратган Kun.uz сайти туман ҳокимлигининг суд қарорларига кўра компенсация тўлаш учун 500 миллион сўмдан ортиқ қарзи борлиги ҳақида хабар берди.

Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, устамалар маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия хулосасига кўра ажратилган.

Устама миқдори 200% эмас — бу максимал миқдор бўлиб, у 50% ҳам, 100% ҳам бўлиши мумкин. Туманда фақат «бир-икки киши» 150 фоиз устама олди, дейилади матбуот хизмати хабарида.

«Ойига 800−900 минг сўм оладиган ходимлар бор. Устама 150 фоиз бўлса, ўша ходимга қўшимча 1,2 миллион сўм тўланди… 40 дан ортиқ ходим устама олди… Улар орасида ҳокимлар, ҳоким ўринбосарлари бор», — дея қайд этади ҳокимлик.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.