Politico: АҚШ олиб қочилган афғон самолётларини Ўзбекистон ва Тожикистонга беришга қарор қилди

Источник: Rahmat Gul/AP Photo

АҚШ Ўзбекистон ва Тожикистон билан Афғонистонда террорчиларни ушлашга ёрдам бериш эвазига Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари томонидан ўғирлаб кетилган 50 га яқин ҳарбий самолётларни Марказий Осиё республикаларига топшириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда “Фергана” нашри Politico нашрига таянган ҳолда ёзади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил август ойида «Толибон» радикал ҳаракати тезкор ҳужуми чоғида афғон учувчилари ўз ҳамкасблари ва оила аъзоларини Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли самолёт ва вертолётларда Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтган эдилар. Мазкур авиватехникалар бир вақтлар Америка армияси томонидан Афғонистон ҳукумати ҳаво кучларига тақдим этилган. АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ўғирланган самолётларнинг 46 таси Ўзбекистонда, 18 таси Тожикистонда, жумладан, уларнинг орасида Ми-17, UH-60 вертолётлари ва PC-12, C-208, AC-208 ва A-29 самолётлари бор.

Ҳозиргача ўғирланган авиатехникалар билан боғлиқ вазият ноаниқ. Толиблар уларни Афғонистонга қайтаришни талаб қилишмоқда, зеро улар ушбу самолёт ва вертолётларни афғон мулки деб билишади.

Politico нашрининг манбасига кўра, АҚШ чегара хавфсизлиги ва терроризмга қарши кураш бўйича муносабатларни янада мустаҳкамлаш бўйича норасмий келишув эвазига ўғирлаб кетилган самолётларни Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматларига тақдим этишни режалаштирмоқда.

Нашрнинг ёзишича, келишув разведка маълумотлари алмашинувини кенгайтиришдан тортиб, Афғонистондаги террорчилик фаолиятини назорат қилиш учун минтақавий таянч сифатида ушбу мамлакатларда қўшин ёки самолётларни жойлаштиришгача бўлган барча нарсани ўз ичига олиши мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.