Польша ҳаво ҳудудида Украина тарафидан “номаълум ҳаво объекти” кузатилди
29 декабрь куни эрталаб Украинадан Польша ҳаво ҳудудига “номаълум ҳаво объекти” кириб келди. Бу ҳақда Польша қуролли кучлари тезкор қўмондонлиги хабар берди.
«Россиянинг Украинага ҳужуми пайтида Польша ҳаво ҳудудининг бузилиши иттифоқчиларга Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш зарурлиги ҳақида сигналдир», – дейди Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари вакили Юрий Игнат миллий телемарафон эфирида.
Польша армиясининг маълумотларига кўра, “номаълум объект” чегарани кесиб ўтганидан бошлаб сигнал йўқолгунга қадар “мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг радар ускуналари томонидан кузатилган”.
«Номаълум объект» ҳақидаги хабарлар ортидан Польша президенти Анжей Дуда Миллий хавфсизлик бюросининг шошилинч йиғилишини чақирди. Учрашувда Польша миллий мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш ва Бош штаб раҳбари Веслав Кукула иштирок этади.
Гувоҳлар қаттиқ ҳуштак ва шовқинни эшитганини айтишмоқда. RMF24 объект ғарб томон ҳаракатланаётганини қайд этади.
29 декабрга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинага катта ҳужум уюштирди. Россия армияси “Шахед” камикадзе дронлари, қанотли ва зенит-ракеталардан фойдаланган. Украина расмийларига кўра, 17 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ киши жароҳатланган. Киев, Львов, Харьков, Днепр, Одесса, Запорожье ва Конотоп ҳужумга учради. Украина қуролли кучлари бош қўмондони Россия армияси Украинага 122 та ракета учиргани ҳақида маълум қилади.
2022 йил 15 ноябрь куни Россия қўшинларининг Украинага, хусусан, Львов вилоятига оммавий ҳужуми чоғида Польша ҳудудига ракета тушганди. 59 ва 60 ёшли икки польшалик фермер ракета зарбасидан ҳалок бўлганди. Ўшанда Польша тергови ракета Украинанинг С-300 ҳаво мудофаа тизими томонидан учирилган деган хулосага келди.
Шарҳлар