Президент “Nam Motor Servis” корхонасига борди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган туманидаги “Nam Motor Servis” корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.

Тўрт гектардан ортиқ ҳудудда жойлашган ушбу инвестицион лойиҳанинг дастлабки босқичи 2021 йилда ишга туширилган. Хитойдан замонавий технологиялар келтириб, натижада йилига ўн минг дона электр двигател, икки минг дона сув насоси ишлаб чиқариш қуввати яратилган ва юз киши иш билан таъминланган.

«Корхона маҳсулотлари энергия тежамкорлик классининг “IE2” даражасида бўлиб, халқаро стандартларга жавоб беради. Улар мамлакатдаги кон-металлургия комбинатлари, сув хўжалиги ҳамда Марказий Осиё давлатларига етказиб берилмоқда», – дейилади хабарда.

Яна бир муҳим жиҳати, электр двигателлар ишлаб чиқариш 60, сув насослари 100 фоиз маҳаллийлаштирилган.

Лойиҳанинг иккинчи босқичи май ойида, якуний босқич эса йил охиригача ишга тушади. Натижада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ортиб, ҳамкорлик географияси кенгаяди. Яна 160 та янги иш ўрни яратилади.

«Бу ерда 2,2 минг тонна эмалланган сим, 6 минг дона электр двигатель, 4 минг дона катта ҳажмдаги сув насоси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Бу бизга қўшимча 500 миллиард сўмлик саноат маҳсулотларини беради», – дейилади Президентга берилган баёнатда.

Бошқа тармоқлар ва корхоналар билан кооперацияни кенгайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.