Президент: 2022 йилда барча ҳудудларда “Хавфсиз йўллар ва хавфсиз пиёдалар” умуммиллий дастури амалга оширилади

Источник: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

«Бугун ўта муҳим ва кечиктириб бўлмас масалани муҳокама қиламиз. Бу – йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш. Мамлакатимизда 2021 йилда 10 мингдан зиёд авария содир этилиб, уларда 9 мингдан ортиқ фуқаро жароҳатланди. Энг ачинарлиси, 2,5 мингга яқин одам, шу жумладан 263 нафар бола ҳалок бўлгани катта фожиадир», — деди давлат раҳбари.

Ўлим билан боғлиқ авариялар Тошкент вилоятида ҳар 100 минг аҳолига 21 та, Жиззахда – 16 та, Сирдарёда – 15 та, Навоий ва Самарқандда  – 14 тадан, Қашқадарё ва Наманганда– 13 тани ташкил этиб, бошқа ҳудудлардан анча юқори.

Таҳлиллар кўрсатишича, аварияларнинг 45 фоизи ҳайдовчиларнинг қоидаларни менсимаслиги, 10 фоизи ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги, 25 фоизи йўл ҳолати ва инфратузилмаси талабга жавоб бермаслиги, 20 фоизи пиёдаларнинг қоидаларга амал қилмаслиги оқибатида содир бўлмоқда.

«Юқоридаги муаммоларнинг барчаси ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий, ҳам хавфсизлик масалаларига бевосита боғлиқ. Шу боис, 2022 йилда барча ҳудудларда “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” умуммиллий дастурини амалга оширамиз», — деди  президент.

Республика бўйича мавжуд 3 мингга яқин чорраҳада светофорларнинг “ягона эгаси” йўқлиги кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, Тошкент шаҳрида Катта ва Кичик халқа йўллари – “Автойўл”га, пойтахт ичидаги 74 та марказий кўча – шаҳар ободонлаштиришга, 5,2 мингта кўча – туман ҳокимликларига, маҳаллалар, кўп қаватли уйлар ҳудудидаги йўллар ширкатларга қарайди.

Энди вилоят ва туман марказларидаги йўл белгилари ва кўрсаткичлари, светофорлар, ёритгичлар ўрнатиш, йўл чизиқлар чизиш, пиёда ўтиш жойларини белгилаш, умуман йўл ҳаракати воситаларини тартибга солишга Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими масъул бўлади.

Соҳадаги корхоналар ҳокимликлардан ҳудудий ЙХҲБларга ўтказилади. Ўтказишдан олдин вилоят ҳокимларига корхоналарни техника билан таъминлаш топширилди. Шунингдек, 2023 йил якунига қадар ушбу хизматлар учун аутсорсингга ҳам йўл очилади, яъни рақобат бўлади.

Бу борадаги ишларни молиялаштириш учун ЙХҲБ тизимида “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика ва вилоят жамғармалари ташкил этилиши маълум қилинди. Жамғармалар ҳар йили камида 400 миллиард сўм тушадиган аниқ манбаларга эга бўлади.

Бундан ташқари, йўл белгиларини ишлаб чиқишда “Автойўл”нинг монополияси бекор қилинади ва ушбу соҳага тадбиркорлар жалб қилинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.