Президент: 2023 йил 1 январдан микробизнес учун 4% миқдорида ягона солиқ ставкаси жорий этилади

Источник: пресс-секретарь президента Узбекистана

Тошкентда Ўзбекистон президентининг ишбилармонлар билан очиқ мулоқот форматидаги учрашуви ўтказилмоқда. Давлат раҳбари соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш юзасидан 5 та йўналишда ташаббусларни билдирди, дея хабар беради унинг матбуот хизмати.

Биринчи йўналиш – корхоналарни тоифаларга ажратиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ёндашувни белгилаш. Бунда, корхоналар йиллик айланмаси бўйича тоифаларга ажратилади. Булар:

– 1 миллиард сўмгача бўлгани – микро бизнес;

– 10 миллиард сўмгача бўлгани – кичик бизнес;

– 100 миллиард сўмгача бўлгани ўрта бизнес тоифасига киради.

Шундан келиб чиқиб 2023 йил 1 январдан бошлаб микро бизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилади.

Бунда, олис ҳудудлардаги ва алоҳида тоифадаги тадбиркорлар учун амалдаги 1 ва 2 фоизли ставкалар сақлаб қолинади. Ёки, улар ихтиёрий равишда йилига 20-30 миллион сўм тўласа, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ идораларига тақдим этиш мажбуриятидан озод этилади.

Иккинчи тоифа, яъни айланмаси 1 миллиард сўмдан ошиб, умумий солиқ тўлаш тартибига ўтган корхоналар бир йил давомида фойда солиғини 2 баробар кам тўлайди.

“Ушбу имкониятлар 370 минг тадбиркорга енгилликлар яратади ва уларга жуда катта стимул беради”, – деди давлат раҳбари.

Президент тез ўсиб бораётган юқори салоҳиятли ўрта корхоналар сонини ҳозирги 3,5 мингтадан 10 мингтага етказиш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун, 2023 йил 1 январдан:

– кичикдан ўрта бизнесга ўтган корхоналар икки йил давомида фойда солиғининг фақат 50 фоизини тўлайди;

– мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади;

– соддалаштирилган солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботлари жорий этилади;

– давлат харидларида 20 фоиз квота ўрнатилиб, ушбу харидлар доирасида уларга олдиндан 50 фоиз маблағ тўлаб берилади (амалда 15 фоиз).

Президент илгари сурган иккинчи ташаббус – тадбиркорларимиз фаолиятини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизимини яратишдир. Бу борада кичик бизнес лойиҳаларига 20 триллион сўм йўналтирилади.

Учинчи йўналиш ҳақида сўз юритар экан, Президент кредит бериш масаланинг фақатгина бир томони экани, бизнес юриб кетиши учун етарли шарт-шароит, инфратузилма ва кафолатли бозор кераклигини алоҳида қайд этди. Шу сабабли, энг аввало, туман ва шаҳарларнинг шароитидан келиб чиқиб бизнес учун алоҳида ёндашувлар жорий этилади.

Шунингдек, тадбиркорларни қийнаётган яна бир амалиёт – тергов жараёнида мол-мулкни хатлаб қўйиш билан боғлиқ. Мисол учун, ўтган 3 йилда терговчилар томонидан аниқланган зарардан икки баробар кўп мол-мулк хатланган (1,5 триллион сўм). Энди, ҳар бир хатловнинг асосли экани суд томонидан кўриб чиқилади, қарорни фақат суд қабул қилади

«Ўйлайманки, шундагина адолат бўлади», – деди давлат раҳбари.

Тўртинчи йўналиш – тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласидир.

Бешинчи йўналиш тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни жавобгарликка тортиш масалалари билан боғлиқ. Тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилинади.

Шунингдек, тадбиркорларга нисбатан мажбуриятлар юклайдиган янги қонун ҳужжатлари қабул қилинганда, йўл қўйган хатоси учун тадбиркорга 6 ой давомида жазо қўлланилмайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.