Президент қатор амалдорларга ҳайфсан эълон қилди

Фото: пресс-служба президента Узбекистана

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 май куни ҳудудларда энергия таъминоти ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар беради.

Мутасаддилар жорий йилда 2 минг мегаватт қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш, корхона, хонадон ва ижтимоий объектларда 1 минг 200 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатиш юзасидан ахборот берди.

Давлат раҳбари бу ишлардаги қолоқликларни таҳлиллар асосида кўрсатиб ўтди. Масаланинг ичига кирмаган, сусткашликка йўл қўйган айрим туман ва шаҳар ҳокимларига “ҳайфсан” берилди.

Туманлар кесимида Сирғали, Чилонзор, Учтепа, Нукус, Беруний, Бекобод, Паркент, Пискент, Қизилтепа, Гулистон, Сирдарё, Арнасой, Бағдод, Фурқат, Термиз, Олтинкўлда ишлар аҳволи қониқарли эмас.

Сайхунобод, Когон, Жондор, Мирзаобод, Шароф Рашидов, Пахтакор, Янгиариқ  туманлари, Янгиер, Урганч шаҳарлари ҳокимлари масаланинг ичига кирмаган. Ушбу туман ва шаҳар ҳокимларига ҳайфсан берилиши, икки ойда ўзгариш қилмаса, ишдан кетиши белгиланди.

Бу соҳага рағбат бериш мақсадида президентнинг “Яшил энергия” сертификатлари тизимини жорий этишга оид қарори имзолангани эълон қилинди. Бунда 1 июлдан гидро электр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергияси учун “яшил” сертификат берилади. Ушбу тизим 1 октябрдан бошлаб, барча қайта тикланувчи энергия манбаларидан олинган  электр учун жорий қилинади.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан барча савдо ва сервис корхоналарига қуёш панеллари учун кредит тўловларининг 4 фоизи қоплаб берилади. Халқаро молия ташкилотларидан 100 миллион доллар жалб қилиниб, аҳоли ва тадбиркорларга мақбул шартларда ажратилади.

Мутасаддиларга ушбу тизимни жорий қилиб, аҳоли ва тадбиркорларни рағбатлантириш, ижтимоий соҳа ва давлат идораларида кичик қуёш панеллари ўрнатиш бўйича кўрсатмалар берилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.