Президент: «Бизга кучни четдан излашнинг ҳожати йўқ»

Источник: пресс-служба президента страны

Мудофаани бошқариш миллий марказида Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.

Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучларни рақамлаштиришни жадаллаштириш, соҳадаги вазирлик ва идораларнинг барча ахборот ресурсларини ягона хавфсиз ахборот майдонига бирлаштириш зарурлиги таъкидлади. Мудофаани бошқариш миллий маркази бу тизимнинг ўзаги бўлади.

Ҳарбий таълим дастурларини илғор тажриба асосида янгилаш, педагоглар малакасини ошириш, Ҳарбий инженерлар мактабини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мамлакатимизнинг сафарбарлик соҳасидаги тайёргарлиги ва ҳудудий мудофаасини ташкил этиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди. Қўмондонлик таркибининг қўшинларни бошқариш ва воситаларни қўллаш бўйича малакасини ошириши зарурлиги қайд этилди..

– Бизга бу кучни четдан излашнинг ҳожати йўқ. Шонли тарихимиз, бой илмий ва маданий меросимиз, баҳодир аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти биз учун чинакам ибрат мактаби, – деди давлат раҳбари.

«Дунёда рўй бераётган гибрид характердаги қуролли тўқнашувлар таҳлили Қуролли Кучларимиз жанговар қобилиятини оширишни тақозо этмоқда. Шу боис миллий армияни замонавий техникалар билан таъминлаш, жумладан, ҳарбий авиация ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ривожлантириш долзарблиги таъкидланди», – дейилади хабарда.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига эътибор қаратилди. Улар учун ипотека асосида кўп қаватли уйлар қуриш, ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминотини тартибга солиш, ҳарбий тиббиёт муассасалари шароитларини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.